17:25 / 29.03.2021
28668

Бекободда эр-хотинни шантаж қилган 15 ёшли қиз ушланди

2021 йилнинг 25 март куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБ бошлиғи номига фуқаро 36 ёшли Муҳаммадориф Г. ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

У турмуш ўртоғининг муқаддам фойдаланган абонент рақамидан номаълум аёл қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғи Шаҳло В. билан унга тегишли, сир сақланиши лозим бўлган ўзаро сурат ва видеоёзувларни интернет орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, 5 000 000 сўм пул беришини талаб қилаётганини билдирган.

Қайд этилишича, Бекобод шаҳар 14-даҳаси ҳудудидаги “Зиёда” тўйхонаси яқинида такси ҳайдовчиси орқали бериб юборилган 500 АҚШ долларини номаълум аёл товламачилик йўли билан олаётганида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, ундан 500 АҚШ доллар ашёвий далил тариқасида олинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 9-синф ўқувчиси, 15 ёшли Маржона Х. содир этгани аниқланиб, у Шаҳло В.га тегишли бўлган абонент рақамни сотиб олиб, ушбу рақамга “Telegram” очиб, эски хотираларни тиклаши натижасида ўзга шахсларнинг фото ва видеоларини қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган Маржона Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят кодекси нормаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Top