Қозоғистон-Россия тиббиёт университети ректори Самарқанд давлат тиббиёт институтига келди
Самарқанд давлат тиббиёт институти раҳбарияти томонидан тизимдаги халқаро алоқаларни кенгайтириш, муҳим келишувлар ҳамда истиқболли шартномаларнинг имзоланишига эришилиб, аҳамиятга молик халқаро конференциялар ва вебинарлар ўтказиб келиняпти.
Мазкур йўналишлардаги ишларнинг бажарилишидан мақсад, тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, илмий ва тиббий инновациялар, шунингдек, таълим беришда халқаро тажрибалар базасини СамДТИда шакллантириб, замон талабига мос мутахассислар тайёрлашда фаол иштирок этишдан иборат.
Айнан шу мақсадларни кўзлаган яна бир халқаро ҳамкорлик 10 апрел куни Самарқанд давлат тиббиёт институтига Қозоғистон-Россия тиббиёт университети (Олмаота, Қозоғистон Республикаси) делегациясининг расмий ташрифи асносида амалга оширилди.
Қозоғистон-Россия тиббиёт университети қўшни давлатнинг йирик хусусий тиббиёт муассасаларидан бири бўлиб, тиббиётнинг кўплаб ихтисосликлари бўйича малакали кадрлар тайёрлайди. Университет мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўзига хос дастурлари мавжуд олийгоҳ сифатида ном қозонган.
Қозоғистон-Россия тиббиёт университети ректори, профессор Нурлан Жайнакбаев ва халқаро ҳамкорлик ва стратегик ривожланиш бўйича проректори Aлександр Ли СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев билан учрашиб, илмий ва таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш ва ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишди.
СамДТИда ўтказилган музокараларда Қозоғистон-Россия тиббиёт университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, учрашувда ректорлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан томонларнинг қарашлари ҳамда ёндашувларини, илмий изланишлар ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини таҳлил этишди.
Келгусида икки олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, талабалар академик алмашуви, илмий-тадқиқот ва ўқув таълим соҳасида, шу жумладан, қўшма дастур асосида кадрларни тайёрлаш, ҳамкорликда ўқув ва илмий адабиётларни нашр эттириш бўйича келишиб олинди.
Яна бир муҳим жиҳат, жорий йилнинг 16-17 апрел кунлари СамДТИда ўтказиладиган “Стоматологияда эстетик реставрациялаш маҳорати” Халқаро олимпиадасида мазкур олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг фаол иштироки бўйича ҳам келишиб олинди.
Самарқанд тавлат тиббиёт институти матбуот хизмати.
Мавзуга оид
15:41 / 28.01.2022
Самарқанд давлат тиббиёт институти Туркия олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтиради
20:00 / 16.11.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги музейидан мингдан ортиқ экспонат ўрин олди
09:00 / 19.10.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли биноси фойдаланишга топширилди
10:29 / 18.10.2021