23:50 / 19.04.2021
24052

Оқ уй Россияни Навальнийнинг ўлими оқибатидан огоҳлантирди

Жен Псакининг қайд этишича, АҚШнинг пировард мақсади Навальнийнинг озод этилишидир.

Фото: ТАСС

Агарда маҳкумликда сақланаётган мухолифатчи Алексей Навальний вафот этса, Россия бунинг учун жавоб беради, деди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

«Биз маҳкумликдаги Навальний билан содир бўладиган ҳолат учун Россия ҳукумати жавобгар бўлади деган нуқтайи назарни давом эттирамиз. Халқаро ҳамжамият ҳам буни Россия ҳукуматидан сўрайди», – деди у.

Псакининг қайд этишича, АҚШнинг пировард мақсади Навальнийнинг озод этилишидир. У «Навальнийга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш керак»лигини қўшимча қилди.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан CNN телеканалига берган интервьюсида Вашингтон «агар Навальний маҳкумликда вафот этадиган бўлса, бу Россия учун ёмон оқибат келтириб чиқаришини» билдирганини айтганди.

Навальний март ўрталаридан буён Владимир областидаги 2-сонли жазони ижро этиш колониясида сақланмоқда. 

Аввалроқ сиёсатчининг аҳволи ёмонлаша бошлагани маълум қилинганди.

Шундан сўнг Навальний колониядан маҳкумлар учун касалхонага кўчирилиши хабар қилинди.

Top