«Тирикчилик бодринг ва узумдан» — Олтиариқнинг Янгиараб қишлоғида бир кун
Олтиариқ аҳли қишдаёқ бодринг уруғини ерга қадайди. Кейинроқ, ҳали кунлар исиб кетмасдан ток тагига ҳам «ер бодринг» экишади. Бодринг билан узумни бирга парвариш қилиш бошланади...
Kun.uz олис ҳудудларда истиқомат қилиб келаётган қишлоқ аҳли ҳаёти ҳақида лавҳа тайёрлашда давом этади. Навбатдаги манзил Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги Янгиараб қишлоғи бўлди.
Янгиараб қишлоғининг хонадонларидан бирига эрта тонгдан кириб бордик. Қишлоқ аллақачон уйғонган, хўрозларнинг қичқириши қулоққа чалинади...
Тонг саҳарда ҳовли ичкарисида бизни хонадон соҳиби Илҳомжон Дадабоев кутиб олди. Дуодан сўнг хонадон соҳибининг ўғиллари Ҳасанбой ва Ҳусниддин билан бодринг экилган иссиқхонага кирдик.
Ҳаш-паш дегунча икки қоп бодринг узилди. Бодринглар челакларга солиниб ҳовли саҳнига тўкиб келинди. Ака-ука Ҳасанбой ва Ҳусниддин махсус целлофан қопга бодрингларни жойлай бошлашди.
Оиланинг яна бир аъзоси Ҳусанбой эса бу вақтда хамирдан зувала ясаб, нон ёпишга ҳозирлик кўрарди. Оила яқинда кўча томонга тандир қуриб, новвойликни ҳам бошлаган экан.
Ака-укалар янги узилган бодрингларни қопга жойлагандан сўнг биргалашиб уни сотгани бозорга олиб кетдик. Ҳовлидан тахминан 5 км узоқликда Эскиараб қишлоғида улгуржи бодринг бозори бўлиб, олтиариқликлар тонг саҳардан бодринг бозорга боришар экан. Икки кўча атрофида тумонат одам тўпланган. Кимдир бодринг сотар, яна кимлардир бодринг олиш учун деҳқон билан нарх талашарди.
Орадан 10 дақиқалар ўтиб, олиб келинган икки қоп бодринг харидорлардан бирига сотилди. Ака-укалар пулни санаб олиб, уйга қайтишди.
Бу вақтга келиб, кун кўтарилган, Илҳомжон тоғанинг неваралари уйғониб, ҳовлида ўйнаб юришган экан. Оиланинг кенжа фарзанди Ҳусниддин бу орада токни хомток қилишга тушиб кетди. Ҳасанбой ток тагида экилган бодрингларга ишлов беришга киришди. Ҳусанбой эса нон ёпарди.
Орадан бироз ўтгач новвой Ҳасанжон асалариларга қаради. Ҳусниддин қуён ва товуқларга ем берди.
Оддий қишлоқ ҳаёти. Қишлоқ аҳлида тиним йўқ. Оила даромади бодринг, узум ва новвойликдан келаётган маблағдан.
* * *
«4 нафар фарзандим бор: 3 ўғил ва бир қиз. Яратганга шукр, қизимни чиқардим, ўғилларимни ҳам уйли-жойли қилдим. 4 неварам бор. Тирикчилигимиз асосан бодринг ва узум орқасидан.
Икки йил аввал иссиқхона қурдик. Аллоҳга шукр, даромад яхши. 15 кунлар бўлиб қолди, новвойхона қуриб ишга туширдик. Ҳусанбой ўғлим новвойлик қиляпти. Новвойликни энди бошлаганимиз боис кунига ҳозирча ярим қоп ундан нон ёпяпмиз. Келинларнинг ҳаммаси унга ёрдамчи.
Эрта тонгда нонуштадан сўнг ҳамма ўз ишини билиб қилаверади. Ҳусанбой нон ёпишга киришса, Ҳасанбой ва Ҳусниддин ўғилларим бодрингни узиб, сотиб келишади. Бодринг килосини бошида 10 минг сўмдан сотган бўлсак, ҳозир нархи бироз тушган.
Иссиқхона иши феврал ойидан бошланади. Аввал бодринг кўчатини ўстириб олиб, мартнинг 8-санасида экиб чиқдик. Баҳор фасли инжиқ келишига қарамасдан, экинларни сақлаб қолиш учун кечалари билан ўт ёқиб чиқдик. Меҳнатимиз самараси ўлароқ, ҳозирда бодрингларни ҳар куни сотиб келиб пулини рўзғорга ишлатяпмиз.
Бодринг ҳақида гапирадиган бўлсам. У асосан тунда катта бўлади. Уни тонг саҳарда узмаса, тез сўлиб қолади. Иложи борича, тонг саҳарда узиб, эгасига етказиб бериш керак. Кун иссиғида терилган бодринглар узоққа бормайди.
Бодрингдан йилига ўртача 30–40 миллион сўмлик даромад қиламиз. Ўтган йили апрел ойидан август ойигача бодринг уздик. Бодрингга яхши парвариш керак.
Ўтган йили ҳар бир бодринг кўчати орасини 30 см қўйгандик. Бу йил синов тариқасида ҳар 20 см.га экиб чиқдик. Иссиқхона доим кузатувда бўлиши керак. Унинг намлиги, ҳавосига эътибор бериб туриш лозим.
Уйда асалари ҳам парвариш қиламиз. Ўтган йилдан буён асалари боқиб келяпмиз. Ўтган йили кичик бир яшикчадан 9 кило асал олдик. Бу йил асаларини яна кўпайтирмоқчимиз. Қуён ҳам боқамиз. Уни ҳам шароитга қараб кўпайтириш режамизда бор. Қишлоқ аҳли доим нима биландир банд. Шу билан ҳаёт ҳам қизиқ.
Ўғилларим 3-4 йил Россиянинг аччиқ-чучугини тотиб келди. Минг қилса ҳам ўз ватанингга етмайди. Ўғилларимнинг қўлида ҳунари бор. Деҳқончиликдан ташқари, улар қурувчилик билан шуғулланишади. Пандемия шароитида қийинчилик бўлди. Лекин ҳозир ҳаммаси изига тушиб кетди. Ўзимизни ўзимиз иш билан таъминлашни бошладик.
Узум ҳақида гапириб бермоқчиман. Мен ўзим узумнинг ризамат навига қизиқиб қолдим. Бу нав нозик бўлади, кучли ер талаб қилади. Лекин меҳнатингизга яраша ҳосил ҳам беради. Кўпчилик боғбонлар унинг меҳнатидан қочишади. Ризаматдан ташқари мерс, ҳусайни, кишмиш, чарос навларини парвариш қиламиз. Узум парваришидан олтиариқликлар орасида ҳеч ким кам бўлгани йўқ. Узиб қўйган узумларимиз баҳоргача туради.
Кузда ток тагига гўнг солиб, дорисини вақтида берсангиз, узум сизни «хафа» қилмайди. Айтган нархингизга сота оласиз. Ризамат узуми сувни ёқтиради. Узум кўчатини асосан совуқдан ҳимоя қилиш керак.
Томорқам 18 сотих. Узум тагига голланд бодринг навини экканмиз. Чунки бу нав қуёшни кўп ёқтирмайди. Шунинг учун ҳам ток тагида – салқинда бодрингнинг голланд нави яхши бўляпти», – дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда оила бошлиғи Илҳомжон Дадабоев.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
13:23 / 18.12.2024
Олтиариқда бир уйда икки аёл билан эр-хотин бўлиб яшаган эркак озодликдан маҳрум қилинди
17:36 / 16.12.2024
Қишга сақланган узумлар
14:42 / 28.09.2024
Фарғонада эркак қариндош аёлни дўппослади
09:28 / 03.09.2024