08:48 / 19.05.2021
2707

Тошкентда икки нафар талаба 60 минг долларлик автомобиль эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетди

Фото: Тергов департаменти

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида икки нафар талаба ўзганинг хонадонига кириб, ўғрилик жинояти содир этган. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 май куни Х. Д. «102» қисқа рақамига берган хабарига кўра, 2020 йилнинг тахминан май ойидан 2021 йилнинг 15 май кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар Юнусобод тумани Янгиариқ маҳалласида жойлашган хонадон қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, умумий нархи 60 минг АҚШ доллари бўлган, Корея давлатида ишлаб чиқарилган «Chevrolet» русумли автомашиналарнинг турли хилдаги эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Тезкор қидирув ҳаракатлари жараёнида ушбу жиноятни Юнусобод туманида яшовчи талабалар — 19 ёшли А.З. ва 18 ёшли Х.А. содир этгани аниқланиб, улардан бир нечта турдаги автомашина эҳтиёт қисмлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.З. ва Х.А. процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top