13:17 / 24.05.2021
6761

Самарқандда тўхтаб қолган трамвайни одамлар итариб четга ўтказди

Самарқанд шаҳрида тўхтаб қолган трамвайни бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермаслиги учун одамлар итариб четга ўтказган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳри 1-сонли «Сартепа маскани-темир йўл бекати» йўналишида ҳаракатланаётган 1012-сонли трамвай вагони электр тармоғидаги қисқа узилиш натижасида Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак йўли кўчасининг кесишган чорраҳасида ҳаракатдан тўхтаб қолган.

Шундан сўнг, юзага келган вазиятнинг олдини олиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишдаги автотранспорт воситаларига халақит қилмаслиги учун трамвай ичида бўлган йўловчилар вагонни чорраҳадан олишга ёрдамлашган. 2 соат вақт оралиғида электр токидаги узилиш ҳолати тузатилган ва 1012- сонли вагон иш фаолиятини давом эттирган.

Қайд этилишича, трамвай тўхтаб қолганда ва уни чорраҳадан олиш жараёнида ҳамда у тўхтаб турган вақт оралиғида ҳеч қандай нохуш ҳолатлар кузатилмаган.

P.S. Самарқанд шаҳрида трамвайларнинг электр таъминотидаги узилишлар туфайли тўхтаб қолиши – бу тез-тез содир бўлиб турадиган ҳолат ҳисобланади. Шаҳар аҳолисини трамвай вагонларнинг йўлларда тўхтаб қолавериши ажаблантирмай қўйган. 

Top