Малида вақтинчалик президент ва бош вазир ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинди
Малида ҳарбийлар президент вазифасини бажараётган Ба Ндао, бош вазир Мухтор Уан ва янги мудофаа вазири Сулаймон Дукурни ҳибсга олишди. Улар 24 май куни пойтахт Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базасига етказилган, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.
Мали раҳбариятининг ҳибсга олиниши президент Ндао ўтиш даври ҳукумати 14 май куни истеъфога чиққанидан кейин янги ҳукумат таркиби ҳақидаги фармонни имзолагандан бир неча соат ўтиб юз берган. Ҳукуматнинг янги таркибига аввалги ҳукуматдан ички ишлар вазири Модибо Коне ва мудофаа вазири Садио Камара киритилмаган. Бунинг бирор сабаби келтирилмаган, бироқ таъкидланишича, бу ўтиш ҳукумати ичидаги сиёсий зиддият кучайганидан дарак беради. Президент ва бош вазирнинг ҳибсга олиниши ҳарбийларнинг ҳукумат янги таркибига муносабати бўлиши мумкин.
АҚШнинг Малидаги элчихонаси «Бамакода ҳарбийлар фаоллашгани» ҳақида хабар олганини маълум қилган ва ўз фуқароларини огоҳ бўлишга чақирган.
БМТ, Африка иттифоқи, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS), АҚШ, Германия ва Британиянинг қўшма баёнотида Малида ҳибсга олинган сиёсатчилар дарҳол озод қилиниши талаб қилинган. Баёнотда мамлакатда юз берган ҳодисалар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш деб аталган.
ECOWAS делегацияси Малига 25 май куни келишини эълон қилди. БМТ миссияси Малида ўтиш даврини тиклаш учун ECOWAS билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Малида 2020 йил сентябрда ҳарбий тўнтарув амалга оширилиб, президент Иброҳим Бубакар Кейта ва бош вазир Бубу Сиссе истеъфога кетгандан кейин ўтиш ҳукумати шакллантирилганди. Ўтиш даври 1,5 йил давом этиши, унинг натижаларига кўра, 2022 йил февралда сайловлар бўлиб ўтиши керак эди.
Мавзуга оид
17:22 / 25.11.2024
Малида «Вагнер»нинг бир неча жангчиси ўлдирилди
15:35 / 25.11.2024
Малида «Вагнер» ХҲКнинг бир неча ёлланма аскарлари ўлдирилди
13:20 / 15.10.2024
Киев Малидаги исёнчиларга УУА етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди
07:51 / 06.08.2024