10:27 / 03.06.2021
8950

Эрон ва МАР БМТ Бош Ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди

БМТ Бош Ассамблеясида Эрон ва Марказий Африка Республикаси икки йил давомида ташкилотга бадал пулини тўламагани сабабли овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Бош Ассамблея 75-сессияси раиси Волкан Бўзкирга юборган мактубида айтилган.

Таъкидланишича, бадал қиймати мамлакатнинг аҳоли жон бошига даромади ҳисобга олинган ҳолда 10 йиллик ялпи ички маҳсулот ўртача кўрсаткичи ва ташқи қарзи бўйича белгиланади. Таъкидланишича, ҳисоб-китобларга кўра, Эрон БМТга 16 млн доллардан, МАР эса 29 минг доллардан кўпроқ бадал тўлаши лозим. 

Маълумотларга кўра, БМТга аъзо давлатлардан умумий ҳисобда 5та мамлакат – Эрон, МАР, Комор ороллари, Сомали ҳамда Сан-Томе ва Принсипи бадал тўлови бўйича қарздорликка эга. Бироқ Эрон ва МАРдан ташқари қолган барча давлатлар Бош Ассамблеянинг 75-сессияси охирига қадар овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолган.

Таъкидланишича, БМТга аъзо давлат қарздорлиги охирги 2 йилда тўланиши керак бўлган бадал пулига тенг бўлса ёки ундан ошиб кетса, у Бош Ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилади.  

Top