Ўзбекистон | 08:45 / 14.06.2021
4135
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Греция ўртасида чартер рейслар йўлга қўйилиши кутиляпти

Туризм ва спорт вазирлиги масъулларидан иборат Ўзбекистон делегацияси 2-4 июн кунлари хизмат сафари билан Грециянинг Афина шаҳрида бўлди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Греция туризм вазири Харис Теохарис ва вазир ўринбосари Софиа Зачараки билан учрашув ўтказди. Унда туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети билан ўзаро тажриба, мутахассислар ва адабиётлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Греция маданият марказида Ўзбекистондаги юнон диаспораси учун беғараз асосда тил курсларини ташкиллаштириш борасида фикр алмашилди.

Греция маданият ва спорт вазири ўринбосари Лефтерис Авгенакис билан Ўзбекистон ҳамда Греция ҳукуматлари ўртасида тузилган 2006-2009 йилларда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик дастурини қайта имзолаш, мазкур соҳаларда ходимлар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. 

Бундан ташқари, турли спорт тадбирлари, хусусан ралли бўйича мусобақалар ўтказиш ҳамда давлат-хусусий сектор шериклиги бўйича Греция тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этишга доир ҳамкорлик қилишга келишилди.

Мавзуга оид