Путин NBC телеканалига берган интервьюсида нималар ҳақида гапирди?
Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг NBC телеканалига интервью берди. Интервью 14 июн куни намойиш қилинди.
«Коммерсантъ» Путиннинг журналист Кир Симмонс берган саволларга асосий жавобларини чоп этди.
Вориси ҳақида:
Ўз тақдиримни мамлакат тақдири билан шунчалик боғлаганманки, ҳаётда мен учун Россияни мустаҳкамлашдан бошқа муҳим вазифа йўқ. Шу боис агар кимдир менинг фаолиятимга танқидий ёндашса ҳам, бу инсоннинг ватанга содиқлигини, ватан учун нафақат йиллар, балки бутун ҳаётини фидо қилишга тайёрлигини кўрсам, менга қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар, бундай инсонлар қўллаб-қувватланиши учун барча нарсани қиламан.
Мухолифатдан қўрқиши ҳақида:
Сизга бизни ёки мени мухолифатдан қўрқади деб ким айтди? Ким айтди сизга? Бу кулгили.
Анна Политковская, Александр Литвиненко, Сергей Магнитский, Борис Немцов ва Михаил Лесиннинг ўлими ҳақида:
Сиз ҳақиқатан ҳам жабрланган ва турли вақтларда турлича сабаблар билан турли одамлар қўлидан ҳалок бўлган кўплаб инсонларни санаб ўтдингиз. Буни кўп марта эшитганман, лекин бу мени мутлақо чалғитмайди. Россия давлати манфаатларини таъминлаш учун қайси йўналишда ҳаракатланиш кераклигини биламан.
Ўзини қотил деб ҳисоблаши ҳақида:
Бундай айбловларни, айниқса, Шимолий Кавказдаги терроризмга қарши кураш вақтидаги оғир дамларда ўнлаб марта эшитганман. Мен доим Россия давлати ва рус халқи манфаатларидан келиб чиқаман ва бу борада ким, қандай, нимани ва кимни қандай аташи мени мутлақо ўйлантирмайди.
НАТО ҳақида:
Бу совуқ уруш қолдиғи. НАТО совуқ уруш даврида туғилган, аммо нима учун бугунгача мавжудлиги тушунарсиз.
Минскда Ryanair самолётининг қўндирилиши ҳақида:
Мен маъқулламайман ҳам, қораламайман ҳам. Яқинда европалик ҳамкасбларимдан бирига жаноб Лукашенконинг менга айтган версиясини гапириб бердим. Уларга бортда портловчи қурилма борлиги ҳақида маълумот келиб тушган. Улар учувчига хабар беришган, уни қўнишга мажбурлашмаган ва учувчи Минскда қўнишга қарор қилган. Бор гап шу.
Россия, Хитой ва АҚШ муносабатлари ҳақида:
Хитой бизга таҳдид солади деб ҳисобламаймиз. У дўст мамлакат. У Қўшма Штатларга ўхшаб бизни душман деб эълон қилгани йўқ. Биз Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатларни бузишга уринишларни кўрмоқдамиз.
Эслатиб ўтамиз, 16 июн куни Женевада Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасида учрашув бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
20:54 / 25.12.2024
Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолёт ердан уриб туширилгани ҳақида тахминлар янграмоқда
20:34 / 25.12.2024