09:50 / 16.06.2021
4173

Перуда президент сайловлари натижалари эълон қилинди

Фото: AP

Перуда ўтган президент сайловларида «Озод Перу» партияси вакили Педро Кастильо ғалаба қозонди. У 50,1 фоиз овоз тўплаб, ўзининг рақиби Кейко Фухиморидан бор-йўғи 0,25 фоизга ўзиб кетган.      

El Comercio нашрининг хабар беришича, Кастильо учун 8,8 млн киши овоз берган. «Халқ кучи» вакили, мамлакатнинг собиқ президенти Альберто Фухиморининг қизи Кейко Фухимори эса 49,9 фоиз овоз тўплаган. У Кастильодан 44 минг овоз ортда қолган.

Таъкидланишича, энди мутасадди идоралар номзодларнинг сайловларда йўл қўйилган қоидабузарликлар бўйича шикоятларини кўриб чиқади. Шундан кейингина сайлов натижалари расман тасдиқланади.

2020 йил ноябрда Перу конгресси президент Мартин Вискаррага импичмент эълон қилганди. У Мокегуа регионида 2011—2014 йилларда губернатор бўлиб ишлаган вақтида порахўрликда айбланган. Шундан кейин унинг ўрнини Мануэл Мерино эгаллаганди. Бироқ Мерино ҳукуматга қарши намойишларни тарқатиш вақтида 2 киши ҳалок бўлгандан кейин 2020 йил 15 ноябрда истеъфога чиққан.

Top