Ўзбекистон | 14:00 / 19.07.2021
5840
4 дақиқада ўқилади

ERIELL Group: меҳр-шафқат улашиб...

Эзгулик ва меҳр-шафқат ўзбек халқига хос бўлган олийжаноб фазилатлардан бири бўлса керак. Бу юртда муҳтожлар қўллаб-қувватланади, уларга ёрдам қўли чўзилади. ERIELL Group ҳеч қачон ёрдам сўраб қилинган илтимос ва мурожаатларни бефарқ қолдирмайди.

Шу тариқа, мусулмонлар учун муқаддас саналган Қурбон ҳайити арафасида ERIELL Group томонидан Республика ихтисослашган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази учун хайрия акцияси ўтказилди.

Афсуски, хавфли касалликлар статистикаси кўнгилдагидек эмас. Қон тизими касалликлари 100000 нафар аҳоли учун йилига 8-10 та янги касалланиш ҳолатларини, бу эса ўз навбатида қарийб 2500 нафар бирламчи беморлар (катталар ва болалар)ни ташкил этмоқда. Қон ва лимфа тўқималари шишлари барча хавфли ўсимталарнинг тахминан 8 фоизини ташкил қилиб, улар умумий ҳисобда 6 та энг кўп тарқалган онкологик касалликлар сирасига киради. Бундан ташқари, апластик ва гемолитик анемиялар, туғма иммунодефицитлар қон тизимининг қийин даволанадиган касалликлари гуруҳига киради. Бундай беморларни даволаш жуда катта молиявий харажатларни талаб этиб, бутун дунёда бундай тоифадаги беморларни даволаш энг қиммат муолажа ҳисобланади.

Ўзбекистон Ҳукумати томонидан гематология хизматини ислоҳ қилиш ва стационарлардаги беморларни парвариш қилиш шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори асосида онкогематология ёрдамини халқаро стандартлар даражасида янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Гематология марказини ислоҳот босқичида қўллаб-қувватлаш учун ERIELL Group томонидан 200 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Бу маблағлар ҳисобига химиотерапия учун зарур препаратлар, сўнгги авлод антибиотиклари, шунингдек қуритиш машиналари, ходимлар учун оёқ кийимлар ва беморлар учун пижамалар сотиб олинди.

Байрам арафасида Ўрта Осиё МББ раҳбари Баҳромбек Исмоилов бошчилигидаги ERIELL компаниялар гуруҳи ходимлари ва қатор ОАВлар вакиллари Республика ихтисослашган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди.

Стационар шароитида даволанаётган бемор болалар учун шерча Лео ҳақидаги китоб қаҳрамонлари иштирокида томоша ташкил этилди. Ибратли эртак қаҳрамонлари бошига болаларга хос бўлмаган қийин синовлар тушган жажжи беморлар кўзида умид учқунлари ёқишга муваффақ бўлди. Томошадан сўнг ERIELL Group ходимлари болаларга эсдалик совғалари улашди.

Сўнгра Гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрувчилар учун давлат томонидан катталар ва болаларни даволашга алоҳида ёндашувни йўлга қўйиш учун иккита янги модернизация қилинган бино намойиш этилди. Яқин келажакда бу ерда стационар шароитида катталар (160 та ўрин) ва болалар (140 ўрин) алоҳида даволаниши мумкин.

ERIELL Group келгусида ҳам гематология тиббиёт маркази, шунингдек бошқа ижтимоий объектларни қўллаб-қувватлашда давом этади. Хавфли касаллик билан кураш бесамар кетмаётганини кўриш қувонарли. Оғир синовлардан ўтиб, касалликни енгган ва бахтли болаликка қайтган жажжи беморлар кафтларининг излари туширилган плакатлар бундан далолатдир.

ERIELL Group Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид