17:00 / 25.07.2021
20555

Aрзонлаши кутилаётган бензин, рекорд қайд этган ўзбек муҳожирларининг пул ўтказмалари – ҳафтанинг «пуллик» хабарлари

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон ва жаҳон иқтисодиётида муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Kun.uz ҳафтанинг пуллик хабарларини тўплади.

Ўзбекистоннинг 6 ойдаги ташқи савдоси 13,6 фоизга кўпайди

2021 йилнинг январь-июнь ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдоси 18 012,8 млн AҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2 150,3 млн AҚШ долларига ёки 13,6 фоизга кўпайди.

Рақамлар 2021 йилда ташқи савдо пандемия даврига нисбатан тикланаётганини кўрсатади. Бироқ ҳамон 2019 йилдаги даражага етиб борилмаганини кузатиш мумкин.

4та вилоятдаги 95та насос станциялари модернизация қилинади

146 миллион евро хорижий кредит эвазига Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги жами 95та насос станциясини модернизация қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 40 минг гектар ерни фойдаланишга қайтариш ва 315 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш мақсад қилинган. Хусусан, Бухоро ва Навоий вилоятларида 3тадан туманда, Қашқадарёда 5та, Самарқандда 6та ва Сурхондарё вилоятида 11та — жами 28та туманда суғориш имконияти ошади.

Бизнес ғояларга эга ёшлар учун давлат бюджетидан 100 млн доллар ажратилади

Ўзбекистонда ёш тадбиркорлар бизнес лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Фурсат” номли лойиҳа ишга туширилди.

Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бизнес ғояларга эга ёшлар учун давлат бюджетидан 100 млн доллар ажратилади. Танланган ёшларга ер олишда ҳам кўмак берилади.

Жаҳон бозорида нефт арзонлади. Ўзбекистонда бензин нархи ўсишдан тўхташи мумкин

ОРЕC+нинг август ойидан бошлаб нефт қазиб чиқариш қўшимча ҳажми 5,8 млн баррелга етгунча кунига 0,4 млн баррелдан ошириб бориш қароридан кейин брент типидаги нефт нархи 6 фоиздан кўпроққа, яъни 68 долларгача арзонлашди.

Ўзбекистонда бензин нархининг ўсиши асосан жаҳон бозоридаги ҳолатга боғлиқлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда бензин нархи арзонлаши прогноз қилинмоқда.

Халқ банки раиси лавозимидан озод этилди

Халқ банки бошқарув раиси Фарҳод Саломов ўз лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнини президент маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Отабоев эгаллади. Фарҳод Саломов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан ишдан кетгани айтилди.

Россиядаги ўзбек муҳожирларининг Ўзбекистонга пул юбориш кўрсаткичи ошди

2021 йилнинг дастлабки уч ойида хорижий фуқароларнинг Россия Федерациясидан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари ҳажми ўртача 13 фоиздан камайган.

Давом этаётган пандемия ва маълум карантин чекловларига қарамай, Ўзбекистон пул ўтказмалари кўпайган ягона давлатга айланди.  Ўзбекистонликлар Россиядан 680 миллион долларга яқин маблағ жўнатган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 12,4 фоизга кўп.

Ўзбекистонда ярим йилда 200 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди

2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон корхоналари томонидан 200,1 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ўсиш кузатилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда металлургия саноатининг улуши 13 фоизга, тўқимачилик 20,9 фоизга ўсди.

Top