10:27 / 02.08.2021
18390

Видео: Зоминдаги ўрмон ёнғинларини ўчириш жараёни

Мудофаа вазирлиги бўлинмалари Зомин туманидаги ўрмон ёнғинларини бартараф этишда иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Зоминдаги ўрмон ёнғинларини ўчириш жараёнлари акс этган видеолавҳани тақдим этди.

«400 нафар ҳарбий хизматчидан иборат батальон фавқулодда ҳолат хабарини олгандан сўнг тезкорлик билан ёнғин содир бўлган ҳудудга етиб келиб, вазифани бажаришга киришган.

Бир вақтнинг ўзида Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёт авиацияси звеноси томонидан Зомин сув омборидан йигирма маротабадан ортиқ махсус восита ёрдамида сув олиниб, ҳаводан олов ўчоқларига 30 тоннадан зиёд сув ташланган», дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарида.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда вазирлик бўлинмалари ва вертолёт авиацияси мазкур ҳудудда тозалаш ишларини амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни эрталаб соат 10:40ларда Жиззах вилояти Зомин тумани «Дуоба» МФЙ Ўриклисой аҳоли пункти ҳудудига яқин жойда юз берган ёнғин соат 18:20лар атрофида батамом ўчирилган. ФВВ матбуот хизмати маълумотига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган, яқин атрофдаги аҳоли пунктларига олов ўтмаган. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. 

Top