18:24 / 14.08.2021
51599

Оққўрғон воқеаси: Илон заҳридан юзлаб марта кучли заҳарга дуч келган болажонлар

Оққўрғондаги давлат боғчасида 30 нафар бола овқатдан заҳарланди. Энг ачинарлиси, улардан бири ўта оғир аҳволда, болакай сунъий нафас бериш аппаратига уланган. Илк бемор касалхонага ётқизилганига 10 кундан ошган бўлса-да, улар нимадан заҳарлангани ҳалигача аниқ эмас.

Иллюстратив фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида содир бўлган воқеа ҳозир кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Жами 30 нафар бола овқатдан заҳарланган ва улардан бири ўта оғир, яна бири эса оғир аҳволда.

Ҳар сафаргидай, бу воқеада ҳам дастлабки хабарлар ваҳималарга қоришиб келди. Ижтимоий тармоқлар орқали 150дан ортиқ бола овқатдан заҳарлангани, 1 бола вафот этгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Аммо кейинчалик Мактабгача таълим вазирлигининг ахборотидан маълум бўлдики, Оққўрғонда воқеа содир бўлган 5-боғчанинг ўзи 136 ўринли ва унда 25 нафар бола овқатдан заҳарланган.

Болалар турли шифохоналарга жойлаштирилган. Бир боланинг аҳволи шундан буён ўта оғирлигича қолмоқда.

Бу боғчанинг бир нафар тарбияланувчиси чиндан ҳам вафот этган. Аммо ўлимга овқатдан заҳарланиш эмас, ўпка касаллиги сабаб бўлгани келтирилган.

Кейинчалик 13 август ҳолатига кўра яна 5 нафар болада овқатдан заҳарланиш белгилари пайдо бўлиб, жами 30 нафар тарбияланувчида интоксикация синдроми белгилари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилгани маълум қилинди.

Дастлабки кунданоқ клиник белгиларга кўра бу ҳолатга сабаб сифатида ботулизм ташхиси гумон қилинган.

Прокуратура Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ботулизм қандай касаллик?

Юқумли касалликлар шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Наргиза Ярмуҳаммедованинг сўзларига кўра, юқумли касалликлар орасида ботулизм энг хавфлиларидан бири ҳисобланади ва у туфайли ўлим ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Касаллик болалар ва кексаларда оғир кечади.

“Ботулизм таёқчалари табиатда кенг тарқалган. Тупроқда, сувда, жониворлар организмида учрайди ҳамда қобиққа ўралган ҳолда узоқ йиллар давомида сақланиши мумкин. Ботулизм таёқчалари ҳавосиз (анаэроб) муҳитда кўпаядиган ва ўзидан илон заҳридан юзлаб марта кучли заҳар ишлаб чиқарадиган микроблар бўлиб, сабзавотлар консерваланганда улар учун қулай муҳит пайдо бўлади. Кундалик турмушда бу касалликнинг энг кўп тарқалиши ҳам айнан консерваланган банкалар орқали юзага келади.

Сифатсиз тайёрланган консерва маҳсулотларининг кўпчилик томонидан истеъмол қилиниши одамларнинг оммавий равишда заҳарланишига олиб келиши мумкин”, – дейди шифокор.

Коронавирус тарқалган бир пайтда...

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, Оққўрғондаги ҳолат бевосита вазирнинг назоратида турибди.

“Коронавирусга қарши кураш доирасида инфекционист врачларга ўта юқори талаб бўлишига қарамай, Оққўрғонда касалликка чалинган бемор болажонларни даволаш учун энг малакали шифокорлар жалб қилинган. Дори-дармон, тиббий воситалар таъминоти етарли даражада.

Ботулизм касаллиги бўйича тарғибот ишларига етарли эътибор берилмаслиги, умуман касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришларга жиддий қаралмаслиги оқибати бу. Чунки бу шундай касалликки, унга қарши курашда даволанишдан кўра профилактика муҳимроқ”, – дейди Фурқат Санаев.

Овқатдан намуналар олиш мажбурияти

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг изоҳлашича, болалар боғчаларига егуликлар тайёрлаш ва сақлаш бўйича аниқ талаблар қўйилган. Болаларга берилган ҳар бир овқатдан намуналар олинади ва музлаткичда сақлаб турилади. Борди-ю шундай ҳолатлар аниқланса, ўша намуналар орқали текшириб, аниқлик киритилади.

“Оққўрғондаги ҳолатга келсак, ҳолат вазиримиз томонидан назоратга олинган. Прокуратура жиноий иш қўзғатган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга керакли маълумотлар бериляпти.

5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти аутсорсинг таъминотида бўлмаган, яъни ташкилотнинг ўзида егуликлар тайёрланган. Айни пайтда заҳарланиш айнан нимадан келиб чиққани санитария-эпидемиология ташкилотлари томонидан ўрганилмоқда. Бу борада қўшимча маълумот берамиз.

Касаллик тури бўйича тахминлар бўлса-да, СЭС иш тартибига кўра, 12 кун ичида аниқ жавоб бўлади. Шундан кейингина бу борада якуний маълумот бериш мумкин”, – деди МТВ расмий вакили.

Вазиятнинг мураккаблиги шундаки, бемор болалар ҳозир COVID-19’га қарши жиддий кураш жараёнида шифохонага тушиб қолганлар. Албатта, улар махсус бўлимларда, палаталарда даволанишади, алоҳида шифокорлар томонидан муолажалар олиб борилади. Лекин барибир, айниқса бугунги пандемия шароитида бундай ҳолатлар юз бермаслиги чоралари кўрилиши шарт.

Аброр Зоҳидов

Top