08:40 / 16.08.2021
48152

Тошкент вилоятида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш юз берди

Олмалиқ шаҳрида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги Санитария ва эпидемиология бошқармасига таянган ҳолда расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига 36 нафар бемор заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган. 

15 август ҳолатига уларнинг 31 нафарига аҳволи яхши бўлгани сабабли  уйига рухсат берилган. Яна беш нафар бемор даволанишда, аҳволи ўртача экани айтилади. 

Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига шу ташхис билан ётқизилган 1З нафар бемор мавжуд. Айни пайтда уларнинг ҳолати ўртача оғир, муолажалар давом эттирилмоқда. 

“Ҳақиқатан ҳам хусусий тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқ бу вазиятга сабабчи бўлгани аниқланган. Бу тадбиркорлик субъекти Олмалиқ шаҳрида жойлашган. 

Айни пайтда вазият юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли хулосалар мутасаддиларга берилган. Эпидемиологик суриштирувлар давом эттирилмоқда”, дейилади маълумотда.

Top