09:52 / 21.08.2021
2471

Андижонда электрошокер билан босқинчилик қилган фуқаро 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

У танишининг уйига ўғриликка тушиб, 10 миллион сўм атрофидаги тилла буюмларни олиб қочган.

Андижон вилояти суди матбуот хизматининг маълум қилишича, фуқаро 2020 йил карантин даврида бошқарувидаги «Дамас» автомашинасида озиқ-овқат маҳсулоти савдоси билан шуғулланган. 

Бу орада яқин таниши бир миллион сўм миқдордаги қарзини талаб қилади. Ёнида пули бўлмаган йигит харидорлардан бирининг уйига ўғриликка тушишни режалаштиради. 

2021 йилнинг 2 март куни эрталабки соат 6:00 да Марҳамат туманининг "Турон" МФЙда истиқомат қилувчи, аввалдан харидори бўлган фуқаронинг уйига яширинча кириб боради. Соат 8:00 гача уй эгалари ишга кетишини пойлаб, уйнинг том қисмида ўтиради. Хонадонда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, режасини амалга оширишни бошлайди. 

Бу орада уйга кириб қолган оила аъзоси Нафисахон Аҳмедова (исм-шариф ўзгартирилди) ўғрини кўриб, бақириб юборади. Ҳар қанча уринмасин, қочишга улгурмайди. Ўғри унинг юз қисмига мушт тушириб, ҳаракатига тобе ҳолатга солади ва ўзи билан олиб келган электрошокер орқали қўрқитади. 

Нафиса пул талаб қилаётган йигит гарчи юзига ниқоб кийиб олган бўлса-да, маҳалласига «Дамас» автомашинасида келиб, озиқ-овқат маҳсулоти савдоси билан шуғулланувчи Мансурбек эканлигини таниб қолади. Унга пули йўқлигини айтади. Бунга жавобан йигит унинг қулоғи, бўйни ва бармоғидаги мавжуд тилла тақинчоқларни талаб қилади. Шу тариқа салкам 10 миллион сўмлик тилла буюмларни босқинчилик йўли билан қўлга киритган ўғри ҳовлидан девор оша қоча бошлаганида Нафисахон Аҳмедова бақириб, маҳалладошларини ёрдамга чақиради. Натижада ўғри ўша ерда қўлга олинади.

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судида Мансурбек Мамадалиевга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Top