22:58 / 24.08.2021
6658

Деҳлида ифлос ҳавога қарши курашиш учун 25 метрлик минора ўрнатилди

Деҳли маъмурияти шаҳарда қурумга қарши курашиш учун Ҳиндистондаги илк иншоот – қурумга қарши минорани ишга туширди. Баландлиги 25 метр келадиган минора шаҳарнинг Коннот-Плейс туманида ўрнатилган.

Фото: Getty Images

Минора 40 та кучли вентилятор ва 5 мингта фильтр билан жиҳозланган бўлиб, улар ўзи орқали сониясига 1 минг кубметр ҳавони ўтказади ва уларни зарарли аралашмалардан тозалайди. Шаҳар маъмуриятининг баҳолашича, бундай минора 1 км радиусдаги ҳудудда ҳаводаги зарарли аралашмалар миқдорини 2 марта камайтириши мумкин. Унинг ишлаб чиқилиши ва қурилиши учун 2 млн доллар сарфланган.

Бу орада экологлар ва мутахассислар бундай иншоотлар Деҳлида ифлос ҳаво билан боғлиқ вазиятни ўзгартира олишига шубҳа билдиришмоқда. Айни вақтда Деҳли Ҳиндистоннинг бир қатор йирик шаҳарлари билан бирга соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли ҳавога эга дунё шаҳарлари етакчи ўн бешталигига киради.

Ҳаво сифати индексининг меъёрий кўрсаткичлари 50 бирликни ташкил қилгани ҳолда Деҳлида ушбу кўрсаткич кўпинча 1200 бирликкача етади. Олимларнинг баҳолашича, 2019 йилда Ҳиндистонда ифлос ҳаво сабабли 1,67 млн киши, жумладан, Деҳлида 17,5 минг киши вафот этган.

Экспертларнинг таъкидлашича, Деҳлида қурумга қарши битта минорани ўрнатиш “бутун бошли чўлга бир дона кондиционерни ёқиб, уни совитишини кутишдек” гап ҳисобланади. Ҳукумат мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, Деҳлида бундай миноралардан 213 тасини ўрнатиш керак бўлади. Бироқ мустақил экспертларнинг таъкидлашича, Деҳли майдони катталиги ва ҳавоси ўта ифлослангани ҳисобга олинса, шаҳар ҳавоси тозаланиши учун 2,5 миллионта шундай минора талаб этилади.

Top