20:39 / 08.09.2021
10198

Октябрдан “Шимолий оқим-2” орқали газ етказиш бошланиши мумкин - Bloomberg

“Шимолий оқим-2” газ қувури орқали Россиядан Европага газ етказилиши 1 октябрдан бошланиши кутилмоқда. Яна 2 ойдан кейин эса қувурнинг иккала йўналиши ҳам ишга тушиши мумкин, деб хабар берди Bloomberg ахборот агентлиги.

Фото: Nord Stream 2 / Aксель Шмидт

Шу билан бирга, қувур орқали Европанинг газ таъминоти тизимига газ етказилиши бошланишининг аниқ муддати Германияга боғлиқ бўлади.

Аввалроқ “Газпром” раҳбари Алексей Миллер газ қувури қурилиши якунланишига оз вақт қолганини маълум қилган. У 2021 йил охиригача, иситиш мавсумида қувур орқали газ етказилиши бошланиши мумкинлигини эслатиб ўтган. Августда компания жорий йилда қувур орқали 5,6 млрд кубметр газ етказишни режалаштираётганини эълон қилганди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам қувур яқин кунларда ишга туширилишини маълум қилган. Унинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти қувур орқали газ етказилишини тўхтатиш иложсиз эканини тушунмоқда.

“Шимолий оқим-2” Россиядан Германияга Болтиқ денгизи орқали газ етказишга мўлжалланган қувур бўлиб, унинг узунлиги 1234 кмни ташкил қилади. Қувур 5та давлат: Германия, Дания, Россия, Финляндия ва Швеция орқали ўтади. АҚШда президент ўзгаргандан кейин қувур лойиҳаси билан боғлиқ вазият яхшиланиб, қувурнинг Даниядан ўтувчи қисми қурилиши давом эттирилган.

Top