Жамият | 19:50 / 18.09.2021
10366
2 дақиқада ўқилади

Буйрак трансплантациясини ўтказган қорақалпоғистонлик аёл фарзандли бўлди

Унинг фарзанди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида табиий туғиш йўли билан дунёга келди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қорақалпоғистонлик Анесия Утагенова 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб буйрак трансплантацияси амалиётини бошдан ўтказган. 2020 йилда турмушга чиққан Анесия тўнғич фарзандини дунёга келтирди, деб ёзади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Хирург-трансплантолог Зоҳиджон Маткаримовнинг таъкидлашича, буйрак трансплантациясини бошдан ўтказган беморларнинг туғишини ривожланган давлатларда ҳам кўплаб нефрологлар бўйнига олмайди. Чунки ҳомиладорлик беморга салбий таъсир қилиб, ҳомила ва бўлғуси онанинг тақдири хавф остида қолиши мумкин.

— Юртимизда тиббиётга, айниқса, орган трансплантологиясини ривожлантиришга қаратилган эътибор ва яратилган кенг имкониятлар туфайли шундай натижаларга эришмоқдамиз, — дейди шифокор. — Агар бемор чет элда операция қилинганида, кейинчалик ҳомиладор бўлса ҳам назорат учун хорижга кетишига тўғри келарди. Бу эса ҳомиладор аёлнинг яна сарсон бўлишига сабаб бўлади, албатта.

Анесия Утагенова ҳомиладорлик вақтида ҳам малакали нефролог, трансплантологларнинг назоратида бўлган. Унинг 3 килограмм оғирликдаги фарзанди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида табиий туғиш йўли билан дунёга келди. Ҳозирда она ва боланинг аҳволи яхши. Уларга шифохонадан рухсат берилди.

— Ҳозир тиббий назоратимизда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказган 3 нафар ҳомиладор аёл бор. Улар ҳам фарзандларини соғ-саломат дунёга келтириши учун ҳаракат қилмоқдамиз, — дея қўшимча қилди Зоҳиджон Маткаримов.

Мавзуга оид