18:27 / 30.09.2021
9788

Coca Cola Uzbekistan’ни хусусийлаштириш расман якунланди

Тошкентда ўтказилаётган иқтисодий форум доирасида Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Coca-Cola İçecek ўртасида акцияларни сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолангандан сўнг, Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd’нинг 57,118 фоиз акцияларини сотиб олиш расман якунланди.

2021 йил 6 августдаги эълондан сўнг, CCI Давлат активларини бошқариш агентлиги билан Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd’ни хусусийлаштириш бўйича очиқ савдо жараёнида ғолиб сифатида акцияларни сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади. Битим божхона рухсатномалари, шу жумладан давлат рухсатномаларини олиш билан расман якунланди.
 
252,28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сотиб олиш нархининг якунланиши ва тўланиши натижасида CCI CCBU акцияларининг 57,118 фоизига эгалик қилди. CCBU'нинг қолган улуши билвосита The Coca-Cola Company’га тегишли.

CCI ва Anadolu Group раиси Тунжай Ўзилхон битимни имзолаш маросимидаги нутқида шундай деди: «Биз тарихий ва маданий алоқалари мустаҳкам бўлган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштирадиган янги қадам ташлаганимиздан ғурурдамиз. Anadolu Group Марказий Осиёга сармоя киритиш бўйича узоқ тарихга эга. Биз ҳар доим минтақа салоҳиятига ишонганмиз ва ҳар бир инвестиция қароримиздан олган натижалар ҳар доим ишончимизни исботлаб берган. Anadolu Group сифатида ўзбек халқига иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг эркинлаштирилган ва ислоҳ қилинган иқтисодиётига кўмак кўрсатиш учун сармоямизни давом эттирмоқчимиз».

«Бу битимни хусусийлаштиришнинг биринчи муваффақиятли мисолларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. CCI’нинг Ўзбекистон ичимликлар бозорига кириши мамлакатнинг тез суръатлар билан ўсиб бораётган иқтисодиётига бўлган катта қизиқишни яна бир бор тасдиқлайди ва турк сармоядорлари томонидан жиддий қадам сифатида баҳоланади. Ишончим комилки, CCI тажрибаси билан Coca-Cola Bottlers Uzbekistan сифат, бозор ривожланиши ва меҳнат унумдорлигининг янги даражасига кўтарилади», деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов. 

CCI ичимликлар ишлаб чиқарувчи халқаро компания бўлиб, Туркия, Покистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Туркманистон, Иордания, Ироқ, Тожикистон ва Ўзбекистонда ишлайди. CCI Coca-Cola тизимининг асосий етказиб берувчилардан бири сифатида The Coca-Cola Company ичимликларини ишлаб чиқаради, тарқатади ва сотади.

Ўзбекистон билан биргаликда CCI’да 10 мингга яқин киши ишлайди ва 11 мамлакатда 29 та заводи мавжуд бўлиб, 430 миллион кишига ичимликлар кенг ассортиментини тақдим этади. 

Top