Ўзбекистон | 21:00 / 03.10.2021
40093
5 дақиқада ўқилади

Грин-карта можароси бўйича суд қарори: 350 нафар ўзбекистонлик қатнашган иш бўйича 6914 та виза захирага олинди

Фото: Shutterstock

Колумбия округ судининг 30 сентябрда “Mr. Goodluck v. Biden” (“Жаноб Гудлак Байденга қарши”) деб номланган иш бўйича қарори эълон қилинди. Даъвони кўриб чиққан судья Амит Меҳта АҚШ Давлат департаменти зиммасига DV-2021 ғолиблари учун 6914 та виза захиралаш мажбуриятини юклаган.

«Суд DV-2021 ғолиблари учун 6914 та виза захирага олиниши ҳақида қарор чиқарди. Бу даъвогарлар томонидан талаб этилган, 2021 молиявий йилда берилган DV визаларнинг 31 фоизини ташкил этади. Судья нима учун бу қарорга келгани, нега барча даъвогарлар учун визалар захираланмагани ҳақида изоҳ бергани йўқ, шу боис бу ҳақдаги муҳокамалардан айни пайтда фойда йўқ деб ўйлайман.

Суд томонидан захираланган 6914 та виза кимларга берилиши кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бу визани олиш учун DV-2021 ғолиблари DQ бўлган, яъни ҳужжатлари кўриб чиқилиб, квалификация қилинган ҳамда суҳбат учун тайёрланган бўлиши керак. Бу босқичга етиб бормаган даъвогарларда виза олиш учун имконият жуда кам, бироқ умид қилса бўлади.

Қолаверса, 6914 та виза фақат грин-карта ғолибларига эмас, балки унинг оила аъзоларига бериладиган визаларни кўзда тутади. Дейлик, DV-2021 ғолиби анкетага ўзи билан бирга 4 нафар оила аъзосининг маълумотларини ҳам киритган бўлса, унинг ҳужжатлари DQ бўлган ҳамда у “Mr. Goodluck v. Biden” суд ишида қатнашган бўлса, 6914 визанинг 4 таси битта оилага берилади», дейди судда даъвогарлар манфаатларини ҳимоя қилаётган америкалик адвокат Кёртис Моррисон ва ўзбекистонликлар ўртасида воситачилик қилган Ўткир Раҳматуллаев.

Раҳматуллаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда “Mr. Goodluck v. Biden” иши доирасидаги 22203 нафар даъвогардан нечтасининг ҳужжатлари DQ мақомида эканини билмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, мазкур суд ишида қатнашган 350 нафар ўзбекистонликнинг 99 нафарининг ҳужжати кўриб чиқилиб, суҳбатга тайёрланган. У ҳужжатлари АҚШ элчихонаси томонидан кўриб чиқилган, бироқ пандемия сабабли суҳбатга чақирилмаган даъвогарларнинг қанчасига виза берилиши кераклигига америкалик адвокат Кёртис Моррисон ойдинлик киритишини айтмоқда.

Кёртис Моррисон ва унинг жамоаси суд қарори эълон қилингач, суд ишида қатнашган ҳар бир иштирокчининг электрон почтасига хат юбориб, кураш ҳали тугамаганини маълум қилган.

“Кураш тугагани йўқ. Энди сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қилаётган ҳуқуқшунослар жамоаси захираланган визалар берилиши олдидан хулоса чиқариш учун судга илтимоснома киритиши керак бўлади. Бу жараён 2022 йилнинг апрелидан олдин бошланмайди. Бу энг яқин муддат”, дейилади хатда.

Ўткир Раҳматуллаевнинг айтишича, 6914 та визани бериш қачон бошланиши ҳозирча номаълум. Чунки 2022 йилда яна бир суд қарори чиқарилиши керак, унгача бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлишини кутиш фойдасиз.

“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, 6914 та виза фақат судда қатнашган грин-картачиларгагина берилади. Шунда ҳам уларнинг ҳужжатлари элчихона томонидан кўриб чиқилиб, виза берилиши ёки берилмаслиги ҳал бўладиган консул билан суҳбат учун тавсия қилинган, яъни DQ бўлган бўлиши керак. Визалар қачондан берилиши суднинг якуний қароридан сўнг маълум бўлади.

Судда қатнашмаганлар учун виза берилмайди. Чунки бу суд қарорида аниқ кўрсатилган. Шу боис DV-2021 дастурида ғолиб бўлган, ҳужжатлари элчихона томонидан кўриб чиқилиб, консул билан суҳбатга тавсия этилган бўлса-да, аммо “Mr. Goodluck v. Biden” ишида даъвогар бўлмаган шахслар грин-карта олиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Судда қатнашмаган грин-картачиларнинг ягона умиди АҚШ Конгресси томонидан кўриб чиқилиши кутилаётган қонун лойиҳасидан. Ушбу лойиҳага кўра DV дастурида ғолиб бўлган 55 минг кишининг барчасига виза берилиши кўзда тутилган. Агар Конгресс бу қонун лойиҳасини кўриб чиқмайдиган бўлса, унда судда қатнашмаганларнинг грин-карта дастурида иштироки кунига етади”, дея Ўткир Раҳматуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ бир гуруҳ ўзбекистонликлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси DV-2021 дастури ғолибларига виза беришда сусткашлик қилаётгани, 16 сентябрдан буён атиги 41 киши суҳбатга чақирилганидан шикоят қилишган эди. Жараёндан хабардор ватандошлар Kun.uz’га маълум қилишича, 28 сентябрь куни ўтказилган суҳбатдан сўнг 40 нафар ўзбекистонликка DV визаси берилган.

Мавзуга оид