14:37 / 06.10.2021
52931

Файзулла Хўжаев – бойлик ва зодагонликни эл-юрт ғамига алмашган арбоб

Миллатлар тарихида муҳим сиёсий шахслар бўлади. Ва улар танлови миллионлаб одамлар келажагини белгилаб беради. Бундай танлов амир Олимхон ҳокимиятига қарши чиққан, уч марта ўлимга ҳукм этилган, 13 йил Ўзбекистон ССР ҳукуматини бошқариб сўнг қатағонга учраган Файзулла Хўжаев чекига ҳам тушганди.

1896 йил 1 июн, Бухоро. Бойликда Бухоро амири билан тенглаша оладиган савдогар Убайдулла Хўжа оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Бу чақалоқ кейинчалик Бухорода демократик давлат қуришга уринган, Ўзбекистоннинг ривожи учун борини берган, миллатнинг кўзи тўқ, ҳалол фарзанди Файзулла Хўжаев эди.

Тарихнинг маълум даврида Хўжаев фаолиятини қоралаганлар ҳам бўлди. Ушбу мақолада ҳозир ҳаёт бўлган қариндошлари, тарихчилар ва тарихий манбалар асосида сиёсатчининг ҳаёт йўлига назар ташлашга қарор қилдик.

Тиллоларни эмас, виждонини танлаган ўғил

Файзулланинг отаси ХIХ асрда қоракўлчилик бўйича кўплаб юртларда ном чиқарган савдогарлардан бўлган. У Файзуллани ўз меросхўри сифатида танлаб, 12 ёшида Москвага олиб боради. Файзулла Хўжаев Москвада 1907–1912 йилларда хусусий ўқитувчилар қўлида таълим олади. Ва шу ерда савдо ва замонавий илмларни ўрганиб, Бухорога қайтиб келади.

Фото: pastvu.com

Россияда таълим олиб, дунёқараши кенгайган Файзулла ота йўлини танламади.

Файзулла Хўжаевнинг жияни, Бухоро давлат университети тарих фанлари доктори Сулаймон Иноятовнинг ҳикоя қилишича, Файзулла Хўжаев ўша пайтдаги Бухоронинг аҳволини, Ватанининг тараққиётда орқада қолаётганини сезади ва Бухоронинг аҳволини тузумни ўзгартириш билан яхшилаш мумкин деган фикрга келади. Ва чет элда ўқиб келган амакилари Усмонхўжа, Атоуллахўжаларга қўшилиб, жадидлар изидан кетди.

Жадидлар фарзандларимизни ўқитиб, маърифатга эришамиз ва маърифат билан жамиятни ўзгартирамиз деган ғоя билан “Ёш бухороликлар” партиясини очиб, Бухоро амирига қарши кураш бошлаган эдилар.

Озчиликни ташкил қилган “Ёш бухороликлар” амирга қарши кураша олмас эдилар. Шунинг учун улар 1918 йилда Туркистон Халқ Комиссарлар Совети раиси Колесовдан ёрдам сўрайди. Жадид тарафдорларининг камлиги, қизил армиянинг яхши қуролланмай урушга киргани сабаб амир кучлари устунлик қилади. Шундан кейин Хўжаев оила аъзолари билан Тошкентга жўнайди. Бироқ бу – уруш тугаганини англатмасди.

Хўжаев 1918–1920 йилларда болшевикларнинг “Искра” газетаси таҳририятига киради ва 1920 йилда Тошкентга қайтиб, “Учқун” газетасини чиқаради. Уни 5000 нусхада яширин чиқариб, Бухоро аҳолисига тарқатади. Бу йўлда унга Абдурауф Фитрат, Мунзим, Саид Аҳрорийлар ёрдам берадилар.

Файзулла Хўжаев боши эвазига олтинлар ваъда қилинган

Матбуот орқали ўз тарафдорларини кўпайтирган Файзулла Хўжаев қадимийчилар ва Саид Олимхонга ёқмаслиги турган гап эди. Бухоро амири қандай бўлмасин, уни йўқ қилиш йўлларини излайди, боши учун йирик миқдорда олтин ҳам ваъда қилади. Шундай оғир вазиятда Хўжаев ягона мадад болшевиклар деб тушунади ва улардан иккинчи бор ёрдам сўради.

1920 йилда Туркистон фронти қўмондони Михаил Фрунзе бошчилигидаги қизил армия амир ҳокимиятини ағдариш учун Бухорога киради. Аввалига тинч аҳолига тегмасликка ваъда берган болшевиклар 1920 йил 1 сентябрда Бухорога 11та аэроплан билан ҳужум қилиб, амирликни хонавайрон қилди. Натижада 34та гузар, 6 мингга яқин дўкон ва ҳовли, 20га яқин сарой, 29та масжид ёниб кул бўлди. Минглаб бегуноҳ одамлар қирилди. Бундай қирғинбаротни кўрган Файзулла Хўжаев болшевикларга ишониб хато қилганини англайди.

Фото: wordpress.com

Хўжаев халқ ҳаётини яхшилаш, одамларни илмли қилиш учун ўзи тўғри дея ишонган йўлда курашини давом эттиради. Амир тахти қулагач, унинг ўрнига Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилади ва унга Файзулла Хўжаев раҳбарлик қилади.

Мустақиллик ва тараққиёт йўли – илмда

Файзулла Хўжаев / Фото: pinterest.com

Ғарбда илм-фан, саноат ривожланаётганини кўрган Файзулла Хўжаев ўз халқининг орқада қолаётганидан ташвишланарди. Шу сабаб республика аҳолиси илмли бўлиши учун қўлидан келганини қилди. Унинг раҳбарлик йилларида республика умумтаълим мактабларида 18 тилда дарс берилган. Олий ўқув юртлари сони 31тага етиб, 86та техникум ташкил қилинган.

Ўзбекистондаги илк гидростанция Бўзсув ГЭС, Чирчиқ электркимё комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинати ҳам Хўжаев саъй-ҳаракатлари билан очилган. Унинг раҳбарлигида Бойсунда кўмир, Олмалиқда мис, Самарқанд ва Фарғонада мармар, рангли металларни қидириш ишлари бошланади.

“Миллий чегараланиш ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси тузилгач, Файзулла Хўжаев республика бошида туриб, Вазирлар Маҳкамасининг раиси сифатида фаолият юритади. Ҳозирги ҳисоб-китобларга қараганда, Хўжаев Ўзбекистон тепасида турганида 400дан ортиқ халқ хўжалиги учун хизмат қиладиган катта объектларни, завод-фабрикаларни қургани ҳақида маълумотлар бор”, – дейди тарихчи Иноятов.

Хўжаев 1924–1937 йилларда Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети раиси лавозимида фаолият юритган. Бу йиллар давомида Москванинг кучли тазйиқи остида ишлашга мажбур бўлди, шунга қарамай ёшларни чет элда ўқишга жўнатишга, миллат зиёлиларини тузумдан ҳимоялашга ва мамлакатда халқ хўжалиги соҳаларини ривожлантиришга интилди.

Янги Бухоро, Когон вокзали

ХХ асрнинг бошида туғилган бухороликларнинг кўпи Файзулла Хўжаевни кўрган ёки унинг раҳбарлик йилларида яшаган. Файзулла Хўжаевни ўз кўзи билан кўрган кишилар билан суҳбатлашган тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов улар хотирасини шундай ҳикоя қилади:

“Мен отамга эргашиб Файзулла Хўжаевни кутиб олиш учун вокзалга бордим. Вокзалда тумонат одам йиғилганди. 1-вагондан оқ кител, оқ шим ва похол шляпада ўрта бўйли Файзулла Хўжаев тушди. Одамлар орасида: “Ана, эшонжон келди, эшонжон” деган гала-ғовур. Шунда бир чол одамлар орасини ёриб кириб, Файзулла Хўжаев оёғи остига ўзини ташлади.

“Эшонжон, Бухоро халқи оч, агар ўзингиз ёрдам бермасангиз, халқимиз очликдан қирилиб кетади”, – дейди. Файзулла Хўжаев рўмолчаси билан чолнинг кўз-ёшини артиб: “Бухоро халқининг қирилиб кетишига йўл қўймаймиз, асраб қоламиз”, дея Тошкентга жўнаб кетади. Шундан кейин Бухорога 12-13 вагонда буғдой келди. Бу буғдой 3 кун вокзалдан аҳолининг шароитига қараб рўйхат билан тарқатилди”, – дея гапириб берган Хўжаевни кўрган кексалардан бири.

Босқин эвазига – амир хазинасининг ярми

Болшевикларнинг Хўжаевга ёрдами беғараз эмасди, албатта. Улар амир хазинасидаги олтиннинг тенг ярмини олиб кетишни исташган. Шодмон Ҳайитовнинг айтишича, Файзулла Хўжаев болшевиклар кетгандан кейин амирликда 2та хазинахонани яшириб қолган. Унда жами 9 минг килограмм олтин ва 152 минг килограмм кумуш сақланган.

Хўжаев Бухоро Халқ Республикасининг Нозирлар шўроси ва Инқилобий қўмитани шу олтинлардан ташкил қилиш бўйича фармон берган. Ва 5-6 кишидан иборат комиссия тузган. Унга молия нозири Носир Ҳакимов, Марказий ижро қўмитаси раиси Усмонхўжа Пўлатхўжаев, ташқи ишлар нозири Ҳошим Ёқубов, савдо нозири Муҳиддин Мансуровлар кирган.

Тарихий манбаларга кўра, нозирларни текшириш учун улар орқасидан хавфсизлик тузилмалари ўзининг одамларини қўйган. Ва улар ҳукумат аъзоларининг олтиндан ўмарганини аниқлайдилар, ўшанда фақат Файзулла Хўжаев олтиндан олмаган эди.

“Амир тиллалари бутун иттифоқни очликдан сақлаб қолган бўлиши мумкин”

Файзуллага отасидан жуда катта бойлик мерос қолганди. У бу бойликларни халқ учун хизмат қилсин деб, ҳукуматга топшириб юборган.

“У отасидан қолган 410 кг олтинни, 82,2 кг кумуш ёмбини ва бир қанча олмос буюмларни ҳукуматга топширган. Яшириб қолинган амир хазинаси ҳисобидан эса ёшлардан 125 нафарини Германия, Туркия, Японияга ўқишга юборган. Ўша пайтда Хоразм Халқ Республикасидан 2 киши, Туркистон автоном республикасидан бор-йўғи 16 киши хорижга ўқишга борган. Бухоро Халқ Республикасидан Германиянинг ўзига 56, Туркияга 25 ёш юборилган.

Файзулла Хўжаев Берлиннинг Барбаросса майдонидан Бухоро савдо ваколатхонасини сотиб олиб, ҳар бир талабанинг ҳисобига 125 минг доллар миқдорида олтин ўтқазган. Мақсад – шу ерда 7-8 йил хорижда ўқийдиган ёшлар қийналиб қолмаслиги ва Ўзбекистонга яхши кадр бўлиб қайтиши эди”, – дейди Шодмон Ҳайитов.

Асрлар давомида Бухоро ғазнасида тўпланган бойликлар миқдори ҳақида турли тахминлар юради. Амир хазинаси ҳақида Туркистон жадидларининг етакчиларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай ёзади:

"...Ҳозир Бухоро амири тасарруфи остида бўлган хазина шу даражада мўлки, ҳеч бир мамлакат хазинасида бул даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул, тилло ёмбилар бўлмаса керак. Бухоро амири саночларида сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин, эни 20 олчин ва баландлиги 8 олчин бўлган бир тоғдан иборатдур”.

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон / Фото: reddit.com

Бу рақамларни ҳозирги ўлчовга айлантирсак, амир хазинасининг бўйи 35 метр, эни 14 метр ва баландлиги қарийб 6 метрга тўғри келади. Бу бойликларнинг асосий қисми 1920 йилдаги босқиндан кейин 18 вагонда Россияга ташиб кетилгани ҳақида маълумотлар бор.

Россияга ташиб кетилган олтинлар тақдири кўпчиликни қизиқтиради. Улар юз йиллар давомида халқ пешона тери эвазига тўпланиб келаётган бойликлар эди.

“1921–1922 йилларда иттифоқ даҳшатли очарчиликни бошдан ўтказди. ССР Марказий ижро қўмитаси раиси Калелин олдин Европа, кейин Шарқ мамлакатларини кезиб чиқиб, улардан ёрдам сўраган. Калелин фақатгина АҚШни ёрдам учун кўндира олди. АҚШ эса олтин эвазига ёрдам беришини айтади. Натижада катта миқдордаги олтин АҚШга юборилди. Амир тиллалари бутун иттифоқни очликдан сақлаб қолган бўлиши мумкин”, – дейди Шодмон Ҳайитов.

Туҳматлар, қийноқлар ва қатл

Хўжаев хориж давлатлари билан алоқа қилмай, Бухорони ривожлантиришни тасаввур қилолмасди. Шу сабаб у Германия, Озарбойжон, Туркия билан алоқалар ўрнатишга интилди. Бу – болшевикларга ёқмади. Бир томондан болшевиклар, иккинчи томондан мамлакат ичкарисида бўлганлар Файзулла Хўжаев фаолиятини доимий кузатиб, унинг камчиликларини топишга ҳаракат қилишди.

“Болшевиклар эса унинг мустақил Ўзбекистонни ташкил қилишидан қўрқиб, ҳатто бу кетишда у ССРнинг муҳим раҳбарларидан бирига айланиши мумкин деб, унга нисбатан сохта уйдирмаларни тўқишган. Ва ниҳоят 1937 йилда Файзулла Хўжаевга қатор туҳматларни қилиб, уни қаматишгача борадилар. У Москвада қамоқхонада ётганида жуда қаттиқ қийноқларга учрайди.

Гуруҳбозлик, Сталин қатағони Хўжаевнинг ҳам ёқасидан тутди. У 1938 йил 13 март куни отувга ҳукм қилинади. 1938 йил 15 мартда Москвадаги Бутова тумани, Сосенский қишлоғидаги ўрмонда отиб ўлдирилади.

Москва, Бутова тумани / Фото: Бессмертный барак

Бу жой яқинда аниқ бўлди. Бориб кўриб келдим. Ўзбекистон ҳукумати ҳам шу тупроқда ётган фарзандларига ҳурмат кўрсатади, деган умиддаман”, – дейди унинг жияни кўзида ёш билан.

Хўжаев Ўзбекистонда совет режимини ағдариш учун фитна уюштирганликда ҳамда Германия, АҚШ, Япония ва Польша фойдасига жосусликда айбдор деб топилган. 1965 йилда тўла оқланиб, Сталин қатағонининг бегуноҳ қурбонларидан бири сифатида эътироф этилган.

Файзулла Хўжаевнинг авлодлари ҳозир қаерда?

Сулаймон Иноятов Хўжаевнинг авлодлари ҳозир қаерда яшаётганига аниқлик киритди. Унинг айтишича, Файзулла Хўжаевнинг 4 нафар фарзанди бўлган, бир қизи ва бир ўғли ёшлигида вафот этган. Унинг 1921 йилда туғилган Вилоятхон исмли қизи ҳақида маълумот бор, холос.

Файзулла Хўжаев отувга ҳукм қилингандан кейин, рафиқаси Маликахон ва қизи Вилоятхон Сибирга сургун қилинади. Ва шу ерда Вилоятхон немис иммигрантларидан бири Виктор Бархетга турмушга чиқади. Уларнинг Рудолф Бархет исмли ўғли бўлиб, у ҳозир Ўзбекистонда яшайди.

Биз Рудолф Бархет билан боғланишга кўп ҳаракат қилдик, аммо имкони бўлмади. Эҳтимол, Хўжаев фаолиятининг тўлиқ ёритилмаган томонлари унинг авлодлари билан суҳбат қилишимизга ҳамон тўсқинлик қилаётгандир.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Top