Иқтисодиёт | 15:51 / 26.10.2021
23119
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги хатида 10 млрд сўм ўрнига 100 млрд сўм ёзилиб кетди

Президент администрациясининг Тиббиёт бош бошқармаси МСКТ аппарати сотиб олиш учун бюджетдан 10 млрд сўм ажратишни сўраб, Молия вазирлигига хат ёзган. Вазирликнинг жавоб хатида 10 млрд сўм эмас, 100 млрд сўм ажратилиши қайд қилинган. Вазирлик хатда техник хатолик бўлганини маълум қилди.

Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сонли Марказий консультатив-диагностика поликлиникаси МСКТ аппаратини сотиб олиш учун бюджетдан маблағ ажратилишини сўраб, Молия вазирлигига мурожаат қилган.

Davletovuz канали Давлат харидлари порталидаги маълумотларга таяниб ёзишича, поликлиника замонавий МСКТ аппаратини сотиб олиш учун қўшимча 10 млрд сўм маблағ ажратилишига амалий ёрдам беришни сўраган бўлиб, қолган қисми (тахминан 3 млрд сўм) муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши билдирилган.

Молия вазирлиги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан, тиббиёт бош бошқармаси ва унинг таркибий муассасаларининг харажатлари учун 2021 йилда жами 88,2 млрд сўм, шундан 1-сонли Марказий консультатив-диагностика поликлиникасига 24,9 млрд сўм ажратилиши белгиланганини, аммо МСКТ аппаратини сотиб олиш учун маблағ кўзда тутилмаганини маълум қилган.

Аммо вазирлик масаланинг “ижтимоий аҳамияти ва республика ҳудудида коронавирус инфекцияси кескин тарқалиши кузатилаётгани” инобатга олинган ҳолда, талаб этиладиган 100 млрд сўм маблағни республика бюджетидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан қоплаш бўйича таклиф берган.

Вазирликнинг бу ҳолатга аниқлик киритишича, МСКТ олиш учун 100 млрд сўм эмас, балки 10 млрд сўм ажратилишига розилик берилган – хатда техник хатолик бўлган.

Маълумот учун, 2021 йилда республика бюджетидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, 2021 йилнинг 15 июль ҳолатига кўра 1,7 трлн сўми ўзлаштирилган.

Мавзуга оид