12:47 / 29.10.2021
19920

МСК президент сайловининг якуний натижаларини эълон қилди

Сайловда ғолиб чиққан Шавкат Мирзиёевга қарийб 13 миллион сайловчи овоз берган. Сайлов жараёнида 4 миллиондан ортиқ бюллетендан фойдаланилмаган ёки бузиб қўйилгани учун бекор қилинган. 39 мингдан ортиқ бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.

Марказий сайлов комиссияси 24 октябрь куни ўтказилган президентлик сайловларининг якуний натижаларини эълон қилди. Унга кўра, амалдаги давлат раҳбари 12,9 миллиондан ортиқ сайловчининг овозига (80,12 фоиз) эга бўлиб, лавозимга қайта сайланган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг маълумот беришича, овоз беришда иштирок этган сайловчилар томонидан ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сони қуйидагича:

  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга – 12 миллион 988 минг 964 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 80,12 фоизи;
  • Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисовага – 1 миллион 75 минг  16 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 6,63 фоизи;
  • «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодировга – 888 минг 515 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 5,48 фоизи;
  • Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломурадовга – 670 минг 641 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 4,14 фоизи;
  • Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичга – 549 минг 766 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 3,39 фоизи ёқлаб овоз берган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон бўйича сайловчиларнинг умумий сони – 20 миллион 158 минг 907 нафар. Округ сайлов комиссияларига 20 миллион 259 минг 701та сайлов бюллетенлари юборилган. 
 
Сайловчиларнинг 16 миллион 212 минг 343 нафари сайлов бюллетенларини олган.
 
Фойдаланилмаган ва бузиб қўйилиб, бекор қилинган сайлов бюллетенларининг умумий сони – 4 миллион 47 минг 358 тани ташкил этган. 
 
Овоз беришда 16 миллион 212 минг 343 нафар сайловчи иштирок этган, шундан муддатидан олдин овоз беришда иштирок этганлар 421 минг 176 нафарни ташкил этди. 

Сайлов бюллетенларининг 39 минг 443таси (0,24 фоизи) ҳақиқий эмас деб топилган.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top