20:35 / 03.11.2021
10717

Автобус бекатидаги муаммолар: одамлар нималардан азият чекишмоқда?

Бекатларнинг 91 фоизида транспортларнинг ҳаракатланиш жадвали мавжуд эмас, 62,9 фоизи эса чиқинди қутилари билан таъминланмаган.

Жамоат транспортидан фойдаланишда бекатлар муҳим аҳамият касб этади. Аммо республика миқёсида бекатларнинг аксарияти талаб даражасида эмас.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 850 дан ортиқ жамоат транспорти бекатларининг ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказди.

Қайд этилишича, бекатларнинг 91 фоизида автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси ва жамоат транспортининг ҳаракатланиш жадвали мавжуд эмас.

Тегишли меъёрий ҳужжатларга кўра, автомобиль йўллари тоифасига қараб, автобус бекатларида қуйидаги элементлар бўлиши керак: чиқиш майдончаси, тушиш майдончаси, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, тротуар ва пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди учун қутилар ва ёритиш ускуналари.

Шунингдек, аксарият автобус бекатлари даромад олиш шохобчаларига айлантирилган. Бекатларнинг ҳажми кичиклиги ва уларнинг майдонларини дўконлар, фаст-фуд, кафелар эгаллагани сабабли истеъмолчилар автобусларни асосан қуёш ёки ёмғир остида кутишларига тўғри келмоқда.

Замонавий автобус бекатларининг яна бир муҳим муаммоларидан бири – ногиронлар аравачаси учун пандусларнинг мавжуд эмаслиги экани маълум қилинган.

Ўрганишларга кўра:

  • 91 фоиз бекатда автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси мавжуд эмас;
  • 62,9 фоиз бекат чиқинди қутилари билан таъминланмаган;
  • 37,2 фоиз бекатда кутиш зали мавжуд эмас;
  • 36,5 фоиз бекатда йўловчилар учун ўриндиқлар етарли эмас;
  • 31,6 фоиз бекатда йўловчилар ўриндиғи умуман йўқ;
  • 28,9 фоиз бекатда кутиш хоналари белгиланган санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслигини кўрсатган.
Top