16:50 / 03.12.2021
28030

Лотин алифбоси ислоҳоти ҳақида 10та хато тушунча

Сўнгги кунларда бир мавзу кўп муҳокама қилинмоқда. Бу — ислоҳ бўлаётган лотин ёзуви масаласи.

Тўғри, ҳар қандай киши истаган мавзуси юзасидан фикр билдиришга ҳақли. Аммо бу мавзу атрофида ёлғон, ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайдиган ахборотлар ҳам тарқатилмоқда. Бу эса жамоатчиликда турли янглиш фикрлар уйғонишига сабаб бўлмоқда.

Бугун лотин алифбоси ислоҳоти ҳақида 10та миф ҳақида гаплашамиз. Маълумотлар сизга мавзу борасида тўғри хулоса чиқаришга ёрдам қилади.

1-миф: «Яна янги алифбо қабул қилинмоқда...»

Бу борада атама ва талқинлар нотўғри қўлланмоқда. Масалан, лотин ёзуви атамаси ўрнида лотин тили, алифбо ислоҳи ифодаси ўрнида алифбони янгилаш каби.

Аслида алифбо янгиланмаяпти, фақат такомиллаштирилмоқда. Кимдир эмас, бу иш устида юздан ортиқ филолог-олимлар икки йилдан зиёд меҳнат қилишди. Олимлар жаҳон ва маҳаллий тажрибадан келиб чиқиб, алифбони қулайлаштирмоқда.

Ахир, шундоғам қулайлик учун «o‘» ҳарфи ўрнига «6» сонини, «sh» ҳарфи ўрнига « (даблю) ҳарфини, «ch» ҳарфи ўрнига « сонини ёзиб юрган ёшлар камми?

Қолаверса, такомиллаштирилаётган ҳарфлар ҳатто алмаштирилмаяпти, диграфли ҳарфларнинг бир белгиси олиб ташланяпти, холос. «O‘» вa «G‘» ҳарфлари эса ёзма кўриниши қандай бўлса, босма шакли ҳам шу кўринишга келтирилмоқда. Қолган 25та ҳарф эса қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда.

2-миф: Алифбо ўзгарса, миллионлаб китоблар, дарсликлар ҳам қайтадан чоп этилади.

Йўқ, барча китобларни қайта нашр этишга ҳожат йўқ.

Ислоҳ қилинаётган алифбода фақат янги чоп этиладиган китоб, газета ва журналлар нашр этилади. Чунки ислоҳ қилинаётган ҳарфлар таклиф этилаётганларидан тубдан фарқ қилмайди. Эскиларини ҳам бемалол ўқиш мумкин.

Ҳозир онлайн китоблар тобора оммалашмоқда. Эски онлайн китобларни янги имлога ўтказиш эса унчалик қийин иш эмас.

3-миф: Республика бўйлаб барча пешлавҳалар, жой номлари қайтадан ясалади.

Барча жой номлари эмас, фақат Õ Ñ Ğ Ş Ç ҳарфлари иштирок этган жойларда ўзгаради. Масалан, Тошкент, Чирчиқ, Қашқадарё жой номларининг ёзилиши ўзгаради, Андижон, Наманган, Бухоро ва Самарқандда эса ўзгармайди.

Пешлавҳаларда ҳам шу. Фақат алмашаётган ҳарфлар иштирок этганлари ўзгартирилади.

4-миф: Барча ҳужжатлар қайтадан чоп этилади ва алмаштирилади.

Фақат янги чоп этилаётган ҳужжатлар ўзгараётган имлода нашр қилинади. Эскилари муддати тугагунча амалда бўлаверади. Масалан, аввал берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, диплом каби ҳужжатларни ўзгартиришга асло ҳожат йўқ.

Кириллчадан лотинчага ўтилгач, барча ҳужжатлар дарҳол бекор бўлгани йўқ. Секин-аста муддати келганда босқичма-босқич янгиланиб борилди. Бунда ҳам худди шундай бўлади.

5-миф: Пулни қайта чоп этишга тўғри келади.

Йўқ, пулни қайта чоп этишга ҳожат йўқ. Фақат янги чоп этилиб, муомалага киритиладиган пуллар тузатилган имлода босилади. Эскилари яроқлилик муддатига қараб йиғиштириб олинаверади. Масалан, ёзувлари кириллчада бўлган 1000 сўмлик купюра ҳамон амалда-ку?

6-миф: Алифбо ўзгариши жуда катта харажатларга сабаб бўлади. Одамларни қайта ўқитишга миллиардлар сарфланади.

Ўзгаришда албатта, харажатлар бўлади. Лекин бу харажатлар ҳар доимги харажатлардан фарқ қилмайди.

Чунки ўзгариш энг аввало мактаблардан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилади. Оммавий ахборот воситалари биринчилардан бўлиб тузатилган имлони қўллай бошлайди ва аҳоли ўртасида тарғиб қилади.

Ислоҳ қилинаётган алифбо жуда тежамкор бўлмоқда. Олимларга кўра, ёзилган матнлар кириллчадагидан кўра 15 фоизгача қисқаради.

ЎзМУ магистранти Садриддин Шамс ўтказган тажрибага қаранг.

У Теодор Драйзернинг «Америка фожиаси» китоби мисолида кирилл, амалдаги лотин ёзуви ва ҳарфлар ислоҳ қилинса, матн ҳажмида қандай ўзгаришлар бўлишини синаб кўрди.

Кирилл алифбосида китоб 450 варақдан иборат. Худди шу асар амалдаги лотин алифбосига ўтказилганда 420 вараққача қисқарди. Фарқ — 30 варақ.

Муаллиф тажрибани давом эттириб, лотин алифбосидаги sh, g‘, o‘, ch ҳарфларини – таклиф қилинаётган ş, ğ, õ, ç ҳарфларига ҳам ўзгартириб кўради.

Натижа эса 404 саҳифа. Кўряпсизми, биргина асарни ўзида 46 варақ тежаб қолинмоқда!

7-миф: Ҳозирги лотинча алифбо қулайроқ.

Тўғри, амалдаги алифбога кўпчилик ёшларимизнинг кўзлари ўрганган, лекин ҳозирги алифбодан фойдаланиб компьютерда тўғри ва қоидали қилиб матн териш амалда имконсиз. Сиз матнни ё аввал кириллчада ёзиб оласиз, ёки матн терилгач сўнг уни тўғриловчи дастурлар ёрдамида тўғрилаб чиқишга мажбур бўласиз.

Айни шу сабаб ҳозир ижтимоий тармоқларда ҳамма тўлиқ нотўғри символлардан фойдаланмоқда.

Скептиклар ҳар қандай янгиликни нотўғри қарши олишади. Алифбони ислоҳ қилишдан ҳеч ким моддий манфаат кўзлаётгани йўқ. Бу бизнес эмас. Балки шунчаки тараққиёт ва такомиллашиш зарурати, эҳтиёжи.

8-миф: Клавиатура муаммоси.

Ислоҳ қилинаётган алифбони стандарт QWERTY клавиатурага жойлаштиришнинг қийин жойи йўқ. Масалан, рус графикасидаги алифбомизнинг ҳарфлари кўпроқ, лекин уларнинг барчасига жой топилган-ку?

Клавиатура ҳатто хитой иероглифларни ҳам бера олади. Қолаверса, ҳозирги ўзбек кирилл алифбоси клавиатурада қандай жойлашганига яна бир диққат қилиб кўринг. Ноутбукнинг лотин ҳарфли клавиатурасида 10 та бўш жой борлигини кузатганмисиз? Компьютерлар клавиатурасида бу имконият янада кенгроқ.

Албатта, ислоҳ қилинган алифбо қабул қилинса iOS, Android, Windows каби операцион тизимлар дарҳол янги ўзбекча имло учун клавиатура тақдим этишади.

9-миф — ислоҳ қилинаётган ҳарфлар Туркиядан кўчирма.

Кўпчилик тузатилаётган имлодаги «Ş» ва «Ç», қолаверса, «Ğ» ҳарфларини кўриб, шундай хулосага боришмоқда.

Биринчидан, алифбодан ўрин олиши кўзда тутилган «Õ» ва «Ñ» ҳарфларидан Туркия фойдаланмайди. Фақат ўзбек тилига хос ҳарфлар бўлади.

Иккинчидан, «Ş», «Ç» ҳарфларидан ўзбек халқи аввал ҳам 1940 йилгача бўлган лотинча алифбомизда ҳам фойдаланган. Биз учун улар бегона эмас.

Ислоҳ қилинаётган ҳарфлар орасида «G‘» ни ифодаловчи «Ğ» символидан эса фақат турклар эмас, бутун туркий халқлар: озар, қозоқлар, қримтатарлар ҳам фойдаланишади. Бу борада UNICODE символлар тизимида «Ğ»дан бўлак кенг тарқалган, мосроқ ва маъқулроқ символнинг ўзи йўқ.

Ислоҳ қилинаётган 3 тагина умумий ҳарф билан ўзбек алифбоси турк алифбоси бўлиб қолмайди. Аксинча, агар «H» ва «X» ҳарфлари бирлаштирилса, «NG» ва «Q» товушларини ифодаловчи ҳарфлардан воз кечилса, ёки турклардагидек қисқа «И» ва юмшоқ «Ў» ва «У» учун қўшимча ҳарфлар жорий этилганида бу иддао асосли бўлиши мумкин эди.

10-миф: Кирилл алифбоси – дунё алифбоси

Алифбо ислоҳотига қаршиларнинг айримлари кириллчага қайтиш таклифи билан чиқмоқда. Лекин аввало кирилл алифбоси дунё алифбоси эмас. Ундан жаҳондаги 12та давлат фойдаланади ва уларнинг барчаси Россия таъсири остидаги давлатлар. Қозоғистон лотинча имлога ўтса, бундай давлатлар 11та қолади. Лотин алифбосидан эса дунёнинг 100дан ортиқ давлатида фойдаланилади.

Шу жиҳатдан ҳам лотин имлоси кириллчадан ҳар жиҳатдан қулай. Ҳатто кирилл алифбосидан фойдаланиладиган халқларда ҳам дастурлаш ишлари, ҳатто сайт ва файллар номлари ҳам лотин ҳарфларида. Бу кирилл алифбоси дастурий алифбо, демакки ахборот асри ёзуви эмаслигини билдиради.

Шунингдек, рус графикасига асосланган алифбода миллатимизнинг асл товушларидан бўлган «нг» учун ҳарф белгиланмади. Рус тилида бу товуш бўлмагани учун биз ҳам алифбомизда унга ҳарф бермадик. Бу иллат дастлабки лотин алифбосига ҳам кўчиб ўтди.

Натижада, нафақат ўқувчилар, балки катта ёшдаги зиёлилар ҳам НГ товуши қатнашган сўзларни ўқиш ва бўғин ажратиб ёзишда ҳамон адашиб келмоқда. Бу савод чиқаришга ҳам таъсир этиб келди.   

Кириллчага қайтиш лотинчани ислоҳ қилишдан ҳам кўра кўпроқ харажатлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўлади. Қолаверса, саводи кириллча алифбода чиққан кекса авлоддан уч баробар кўп бўлган лотинча ўқиган ёшлар бунга тиш-тирноғи билан қарши. Бизда имло барибир лотинча бўлади. Фақат уни қулай қилиб тузатиб олишимиз лозим.

Хулоса қиладиган бўлсак, озарлар, туркманлар бир деганда ўтиб кетган, қозоқлар эса тизимли равишда беш йилда амалга оширамиз деётган лотинлаштириш бизда 30 йилдирки «туя гўшти еб ётибди». Бешта ҳарфни ислоҳ қилолмай, лотинга тўлиқ ўтолмай, яна неча йил баҳслашиб юрамиз? Уят бўлмайдими?

Илёс Сафаров

Top