07:30 / 04.12.2021
39711

Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи белгиланди 

Президент “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Фото: Pixabay

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ташкил этилди, унинг таркиби тасдиқланди. Республика комиссияси ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирлик, идоралар, тижорат банкларининг масъул ходимларини ҳар бир туман ва шаҳарга бириктиради, уларнинг иш жойи, ойлик иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларини сақлаб қолган ҳолда, бириктирилган ҳудудга бир йиллик хизмат сафарига юборилишини таъминлайди.

Белгиланишича, Республика комиссияси аъзолари шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни тизимли ташкил этади; ўзи бириктирилган ҳудуддаги республика вакиллари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, мақсадли кўрсаткичларга эришилиши учун масъул ва жавобгар бўлади; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан бирга ўзи бириктирилган ҳудудга ажратилган маблағларнинг туман ва шаҳарлар кесимида тақсимланишини таъминлайди.

Республика вакиллари туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари билан бирга марказлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига кўмаклашади; ҳар куни битта маҳаллага чиққан ҳолда камида ўнта хонадонга шахсан ташриф буюриб, мавжуд ҳолатни ҳоким ёрдамчилари билан бирга ўрганади, аҳолига амалга оширилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиради, аниқланган муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради; ҳоким ёрдамчилари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларини белгилайди, хонадонбай рўйхат асосида ҳар бир маҳалла кесимида ҳақиқий ижтимоий вазиятни аниқлайди ҳамда ойма-ой амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.

Ҳоким ёрдамчилари маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб боради; республика вакиллари билан биргаликда ўзига бириктирилган маҳаллани ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди; ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга оширади; амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда доимий равишда ҳокимга ҳисобот бериб боради.

Ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини амалга оширишда фойдаланадиган молиявий инструментларнинг 2022 йил учун манбалари этиб қуйидагилар белгиланди: оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар – 10 триллион сўм; аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратиладиган маблағлар – 1 218 миллиард сўм; Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар – 50 миллиард сўм; ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун кўзда тутиладиган маблағлар – 250 миллиард сўм; “Саховат ва кўмак” жамғармаси, “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Ёшлар дафтари” жамғармаси – 851 миллиард сўм миқдорида.

Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланди: хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида (4 млн 932 минг сўм); хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида (5 млн 343 минг сўм); хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида (5 млн 754 минг сўм).

Белгиланишича, ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиб борилади; марказлар ходимларига туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари ходимлари учун белгиланган ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Top