14:51 / 04.12.2021
37959

Хитой луноходи Ойнинг орқа томонидаги «сирли уй» суратини жўнатди

Ҳозирча бу борада батафсил маълумот олиш имкони йўқ, чунки «сирли уй»нинг тасвири унчалик аниқ эмас.

Фото: CNSA

Хитойнинг «Юйту-2» луноходи Ойдан куб шаклидаги сирли жисм суратини жўнатди. Бу ҳақда журналист Эндрю Жонс ўз Twitter саҳифасида хабар қилди.

«Юйту-2»дан Ойнинг орқа томонидан янгилик келди. Шимолий уфқда куб шаклидаги номаълум жисм аниқланди, уни «сирли уй» деб аташмоқда. Ровер кейинги 3-4 кун ичида унинг нималигини аниқлаш учун яқинроқ боради. У устун ёки ўзга сайёраликлар эмаслиги аниқ, лекин ўрганишга арзийди», — деб ёзди у.

Ҳозирча бу борада батафсил маълумот олиш имкони йўқ, чунки «сирли уй»нинг тасвири унчалик аниқ эмас.

Ойнинг бу қисмида кратерлар кўп бўлиб, бу жисм астероид зарбаси натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкин.

«Юйту-2» 2019 йилда Фон Карман кратери жойлашган ҳудудга қўнган бўлиб, у Ойнинг орқа томонига етиб келган биринчи луноход ҳисобланади.

Top