20:40 / 09.12.2021
26114

Қарши шаҳридаги абгор ётоқхона хусусий мулк бўлиб чиқди

8 декабр куни ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги ногиронлар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар яшаб келаётган умумий ётоқхона биносининг аҳволи акс этган суратлар тарқалди. Kun.uz мухбири ҳолатни жойига бориб ўрганди ва расмийлардан изоҳ сўради.

6-микротумандаги бинонинг биринчи қаватида «Шодлик» МФЙ идораси ва профилактика инспектори хонаси жойлашган. Бинонинг фуқаролар яшаётган иккинчи, учинчи ва тўртинчи қаватларининг умумий аҳволи ҳақиқатан ҳам ўта таъмирталаб ва ачинарли аҳволда. На канализация, на иссиқ сув бор.

Бинода ювиниш хонаси ва ҳожатхона мавжуд эмас. Бино ичини зах босган. Иситиш тизими йўқ. Ётоқхонадаги фуқароларнинг сўзларига кўра, уларнинг айримлари 15 йилдан бери шу ерда истиқомат қилиб келади. Бошқалари 10 йил, 6 йилдирки шу бинода кун кечирмоқда. Аммо улар бу ерга рўйхатга қўйилмаган.

Маълум бўлишича, бинода жами 120 та хона бор, шундан 18 таси ёрдамчи хоналар (ошхона, ювиниш хонаси, омборхона), 102 таси яшашга мўлжалланган хоналар. Бугунги кунда 64 та хонада фуқаролар яшаб келмоқда.

Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Ғайрат Султоновнинг маълум қилишича, бино муқаддам “Қарши строй” бирлашмасига қарашли ётоқхона бўлган, кейинчалик хусусийлаштирилган. Мулк 2019 йилдан буён тадбиркор Анвар Жовлиевга тегишли, лекин у бинонинг хусусийлаштирилганидан кейинги биринчи эгаси эмас. Султоновнинг айтишича, бинонинг аввалги эгалари ўз пайтида бинодан меҳмонхона сифатида ҳам фойдаланган, айримлари одамларга саховат қилиш мақсадида яшашга жой берган.

“Лекин хайр-саховат сабаб бинога кириб олган одамлар шу ерда жойлашиб олишган”, – дейди ҳоким ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркор вилоятнинг турли ҳудудларидан келиб жойлашиб олган фуқароларни ётоқхонадан чиқариб юбора олмаган.

Ҳокимлик расмийси бино тадбиркорнинг қонуний ва хусусий мулки экани, шу боис уни бюджет ҳисобидан таъмирлаш мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги масъулларига кўра, 2022 йилда иккита ижтимоий ётоқхона таъмирланиб, бу хароба бинода яшаб келаётган фуқаролар ўша ётоқхоналарга кўчирилиши режалаштирилмоқда.

Биз Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бу ердаги одамларни шу аҳволда ташлаб қўймаслиги ҳақидаги ваъдасини бажаришидан умид қилиб қоламиз.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири

Top