Жаҳон | 19:27 / 17.12.2021
21480
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон–Қирғизистон чегарасида можаро юз берди

Қирғизистон фуқаролари тожикистонлик чегарачиларга тошлар билан ҳужум қилгани айтилмоқда.

Фото: TASS

Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қирғизистон билан чегарада жойлашган Сомониён қишлоғида юз берган можаро бўйича маълумот берди.

Қўмита маълумотига кўра, Исфара чегара отряди чегарачилари Сомониён қишлоғида Қирғизистон фуқаролари ноқонуний қурилиш қилаётганини аниқлаган.

Тожикистон чегара қўшинлари чегара заставаси бошлиғи бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашув ташкил қилган.

«Аммо музокаралар давомида тажовузкор кайфиятдаги Қирғизистон фуқаролари учрашувни тўхтатиб қўйди ва тошлар билан тожикистонлик чегарачиларга ҳужум қилди», — дейилади қўмита баёнотида.

Таъкидланишича, «чегара заставаси бошлиғи ҳавога икки марта огоҳлантирувчи ўқ узиб, тажовузкор оломонни тўхтатган».

Ўз навбатида, АКИpress портали Қирғизистон чегара хизматига таяниб, қирғиз фуқаролари Боткен области ҳудудида қурилиш ишлари олиб борганини маълум қилди.

«Қурилиш жойига Тожикистон чегарачилари келиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилганида даҳанаки жанг жанжалга айланиб кетган. Воқеа жараёнида Тожикистон ҳарбий хизматчиларидан бири Макаров тўппончасидан ҳавога тўрт марта ўқ узган», — дейилади Қирғизистон чегара хизмати баёнотида.

Хабар қилинишича, ушбу воқеадан сўнг Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизматлари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида тожик-қирғиз чегарасида юз берган қуролли тўқнашувлар давомида ҳар икки томондан 55 киши ҳалок бўлган, 300га яқин киши тан жароҳати олганди.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид