Ўзбекистон | 10:49 / 03.01.2022
8089
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аэропортларида туман туфайли қатор парвозлар кечиктирилди

Бугун, 3 январ куни тунги вақтда самолётлар кўриш масофаси пасайиб кетгани туфайли Урганч ва Нукус аэропортларидан парвоз қила олмади ва қўна олмади.

Фото: Uzbekistan Airports

Uzbekistan Airports хабарига кўра, Урганч аэропортида қуюқ туман сабабли кўриш масофаси 200 метрга тушиб кетган. Натижада, Москвадан парвоз қилиши лозим бўлган, «Аэрофлот» авиакомпаниясининг AFL1976 рейси Шереметьево аэропортидан соат 03:25 да учиб кета олмади.

Яна иккита рейс билан ҳам худди шундай вазият кузатилди: «S7 Airlines» авиакомпаниясининг SBI6481 Самара - Урганч рейси соат 04:35 да, «Урал» авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан SVR2473 рейси соат 03:30 да парвоз қилиши керак эди, аммо рейслар кечиктирилди.

Айни дамда самолётлар Урганчда об-ҳаво яхшилангунга қадар жўнаб кетувчи аэропортларда турибди. 

Қуюқ туман, кўриш масофаси 200 метрга тушиб кетиши туфайли Нукус аэропорти фаолияти ҳам чекланди. UzAirways’нинг HY15/16 ва HY11/12 рейслари Тошкентда парвозга рухсат берилишини кутмоқда. Соат 11:30 да ҳавога кўтарилиши керак бўлган Нукус-Ақтау йўналиши бўйича HY9727/9728 рейси ҳам кечиктирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид