13:44 / 22.01.2022
70271

Дарслар онлайн бўлса, ўқитувчилар уйда ишлаши мумкинми?

Kun.uz ўқитувчиларни қизиқтираётган савол бўйича Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғланди.

Фото: Getty Images

Мактаб ва ОТМларда ўқиш 24 январдан бошлаб 1 ой муддатда онлайн шаклда давом этиши маълум қилинди. Ўқитувчилар бу муддат давомида уларга ҳам масофавий ишлаш имкони берилиши ёки йўқлиги ҳақида қизиқишмоқда. Kun.uz бу саволга жавоб олиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғланди.

Халқ таълими вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, ўқитувчилар мактабда доимий фаолиятини давом эттирадилар. Мактабда касалланиш ҳолатлари юзага келганда ўқитувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш, коронавируснинг янги штамми кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида педагогларнинг масофадан ишлаши учун имконият берилади.

“Таълим онлайн шаклда бўлган 1 ой муддатда "Онлайн мактаб" лойиҳаси доирасида бериладиган дарслар жадвали кунлик равишда "Онлайн мактаб" Telegram-канали орқали эълон қилиб борилади.

Ўқитувчилар мазкур кундалик жадвал асосида дарс бераётган фанлари бўйича ўқувчилар ўзлаштиришини, уйга вазифалар бажарилишини ҳамда ўқувчилар билимини синф журналига (электрон кундалик тизими жорий этилган мактабларда Kundalik.com тизимига) баҳолаб боришни таъминлаб боришлари ҳамда заруриятга кўра "Онлайн мактаб" лойиҳаси доирасида ўтилган мавзуларни ўқувчиларга қўшимча тушунтириб боришлари лозим. Мактаб раҳбарлари таълим муассасасида ўқитувчилар фаолиятини амалга ошириши учун етарли шароитлар яратиб, АКТ хоналарида узлуксиз Интернет ишлашини таъминлаб бериши керак”, дейилади вазирлик баёнотида.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати ходими Зафаршоҳ Амирқуловнинг қайд этишича, ОТМ ўқитувчиларининг қандай тартибда ишлашини таълим муассасалари ички тартибда ҳал қилади.

“Махсус комиссия қарорида, эътибор берилса, талабалар ва ўқувчилар учун онлайн таълим жорий этилаётгани ҳақида айтилган. Ўқитувчиларнинг онлайн таълимда ишлаши ҳақида ҳеч гап йўқ. Ўқитувчиларнинг масофавий тарзда ёки ОТМга келиб ишлашини белгилаш – ҳар бир муассасанинг ички иши. Лекин умумий тартибда санитария-гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда иш ташкил этилаверади. Қайсидир ходимнинг бирор сабаб билан онлайн ишлашга ўтказилиши ҳақидаги қарор ОТМ раҳбари томонидан қабул қилинади. Бу – индивидуал ёндашиладиган жараён”, дея маълумот берди Зафаршоҳ Амирқулов.

Top