Ўзбекистон | 09:32 / 02.02.2022
7771
3 дақиқада ўқилади

ДХХ катта миқдордаги гашиш моддасини мусодара қилди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги гашиш моддаси мусодара қилинди.

Видеодан кадр

ДХХ хабарига кўра, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи, 1976 йилда туғилган фуқаро 10,7 кг гашиш гиёҳванд моддасини контрабанда йўли билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб ўтиб, хуфиёна жойга яширган вақтида қўлга олинди.

Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогарлар унинг курьерлик хизматига 1200 АҚШ доллари бериши керак бўлган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимларининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Бухоро-Амударё йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган “Ласетти” русумли автомашина Тўрткўл туманидаги “Мискин” ЙПХ масканида тўхтатилган.

Автомашина кўздан кечирилганда унда йўловчи сифатида кетаётган, Амударё туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган фуқаро ёнида 2 кг опий моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. 

Маълум бўлишича, ушбу модда Тожикистондан Бухоро вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина пойтахт ҳудудига кирган вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада, машина салон қисмида Қирғизистондан ноқонуний олиб ўтилган 11 228 дона “Регапен” ва 595 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг 1988 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар жиноий шериклари ҳам ушланди.

Бундан ташқари, пойтахт ҳудудида кузатилган яна бир шунга ўхшаш ҳолатда Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро Чилонзор туманида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган фуқарога 5 488 дона “Регапен” ва 1 188 дона “Тропикамид” дори воситаларини берган вақтида уларнинг ҳар иккиси ҳам қўлга олинди. Шунингдек, дориларни қабул қилиб олган шахснинг яшаш хонадонида 224 дона “Регапен” дори воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказиб Тошкент шаҳрига юборган, Андижон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс ҳам ушланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 10,7 кг гашиш, 2 кг опий гиёҳванд моддалари ҳамда 16 940 дона “Регапен” ва 1 783 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид