12:22 / 18.02.2022
11606

«ЙТҲларнинг катта қисми Damas’лар иштирокида содир бўлмоқда» – Сенат раиси

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, 2021 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг 21 фоиздан ортиғи Damas’лар иштирокида рўй берган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

«Ҳудудларнинг жамоат транспорти (автобуслар) билан таъминланиш даражаси жуда паст. Республика бўйича ҳар минг нафар аҳоли учун ўртача 0,5та автобус тўғри келади. Ваҳоланки, ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич ўртача 2тани ташкил қилади.

Қолаверса, ҳудудлардаги йўналишли таксилар, яъни Damas автомобилларини тартибга солиш зарур. Бугунги кунда йўловчиларнинг 72 фоизи айнан ушбу транспорт воситасидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Энг ачинарлиси, йўл-транспорт ҳодисаларининг катта қисми Damas’лар иштирокида содир бўлмоқда. Масалан, 2021 йилда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаларининг 21 фоиздан ортиғи ушбу транспорт тури иштирокида рўй берган», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси мажлисида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ масалаларни танқид остига олди. Танзила Норбоева 2019 йилги йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида фуқароларнинг ҳалок бўлиши рейтингида Ўзбекистон 179та мамлакат орасида 117-ўринни эгаллагани, ҳалок бўлиш даражаси ҳар 100 минг нафар фуқаронинг 11,7 фоизини ташкил этганини таъкидлади.

“Биргина 2021 йилнинг ўзида 10 001та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиши ва бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 43 фоизга (6 982та) ортгани инсонни даҳшатга солади. Энг ачинарлиси, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида фуқаролар ўлими даражаси йил сайин ортиб бораётганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Хусусан, 2019 йилда ушбу ҳодисаларга учраганларнинг 20,7 фоизи ҳалок бўлган бўлса, 2020 йилда уларнинг 23 фоизи ҳамда 2021 йилда эса 21 фоизи ҳалок бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлигининг ҳолати тўғрисида глобал ҳисобот тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилган. Ушбу ҳисоботда мамлакатларнинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида фуқароларнинг ҳалок бўлиши рейтинги аниқланади.

2019 йил рейтингига кўра, 179та мамлакат орасида Ўзбекистон 117-ўринни эгаллаб, республикамизда ҳалок бўлиш даражаси ҳар 100 минг нафар фуқаронинг 11,7 фоизини ташкил этган. Европа ва Осиё минтақасидаги ривожланган мамлакатлар кўрсаткичига эътибор берсангиз, уларда бундай ҳодиса оқибатида ҳалок бўлиш даражаси ўртача 2–6 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, бу мамлакатларда аҳоли сони ҳам, автомобиллар сони ҳам биздан бир неча баравар кўп”, деб айтган Сенат раиси.

Top