21:32 / 16.03.2022
40554

“Бозорнинг табиий реакцияси” — Отабек Бакиров доллар курси ошаётгани ҳақида

Сўнгги кунларда сўмнинг долларга нисбатан мувозанати бироз ўзгарди. Иқтисодчи Отабек Бакиров Кun.uz билан суҳбатда рубл 50 фоиздан, тенге эса 20 фоиздан ортиқроққа қадрсизланиши фонида, ўзбек сўмининг долларга нисбатан 3-5 фоиз атрофида ўз қийматини йўқотгани табиий ҳолат эканини таъкидлаб, жиддий хавотирга ўрин йўқлигини билдирди.

Фото: Chaqchaq

— Сўмнинг долларга нисбатан мувозанати ўзгарди, бунга асосий сабаблар нимада?

— Охирги ҳафтада сўмнинг долларга нисбатан бироз ўзгариши юз бераётгани атрофимиздаги савдо ҳамкорларимизга боғлиқ. Қозоғистонда нима бўляпти? Қозоғистон учинчи савдо ҳамкоримиз ҳисобланади, миллий валютаси 22-23 фоизгача долларга нисбатан қадрсизланди. Бу тенденция энг юқорига чиққан пайтда қозоқ тенгеси 25 фоизга қадрсизланди. Ҳозир мустаҳкамланяпти. Агарда 23 феврал ҳолатига таққослайдиган бўлсак, 20-22 фоиз қадрсизланди. Яна бир савдо ҳамкоримиз Қирғизистонда қирғиз валютаси ўзининг қийматини йўқотяпти – 18-20 фоиз. Савдо ҳамкорларимиз билан пастга, жанубга қараб тушамиз: Тожикистоннинг миллий валютаси сомоний тўлиқ назорат қилинади, яъни бозор асосида шаклланмайди; фиксирланган ҳолда бошқарилади валюта курси. Ҳаттоки шу фиксирланган сомонийнинг долларга нисбатан курси 3-4 кун олдин 15 фоизга девалвалция қилинди.

Энг асосий ҳамкорларимиздан бири Россия ҳақида гапирадиган бўлсак, агарда биз энг юқори даражада рублнинг қадрсизланиш кунларига қайтадиган бўлсак, 55-60 фоизгача қадрсизланди. Бугунги кундаги рубл курсининг мувозанатлашган даврида курс 30-32 фоизга қадрсизланганини кўриш мумкин. Булар – асосий савдо ҳамкорларимиз, қўшниларимиз. Уларнинг миллий валютасида рўй бераётган воқеалар бизга таъсир этмаслиги мумкин эмас. Қайсидир бири олдинроқ, қайсидири маълум муддатдан кейин таъсир қилади.

Қирғизистон, Қозоғизистон каби биз Россия билан битта иқтисодий ҳудудда эмасмиз, яъни иттифоқчи эмасмиз. Улардан фарқли равишда, ўзгаришларнинг таъсирини иқтисодиётимизда, миллий валютамиз курсида бир муддат ўтиб кўрамиз. Нимада кўришни бошладик? Пул оқимлари, асосий пул ўтказмалари Россиядан юбориладиган пул ўтказмалари билан боғлиқ асосий таъсирни сезяпмиз. Агар феврал ойининг дастлабки 15 кунлиги ва март ойининг дастлабки 15 кунлигини оладиган бўлсак, баъзи ҳудудларда пул ўтказмаларининг ҳажми 3 баробаргача пасайган (бироқ бу расмий статистика эмас, бу борада расмий маълумотлар йўқ). Умуман, Ўзбекистон бўйича олиб қарасак, икки баробар пул ўтказмалари камайган. Бу фақат меҳнат мигрантларимизнинг Россиядаги даромадлари камайгани билан боғлиқ эмас, улар пул ўтказмаларини кейинга қолдириб тургани билан ҳам боғлиқ. Худди шу кунларда иқтисодий маълумотга эга мигрантлар пул ўтказмаларини тўхтатиб туришди ва тўғри қилишди.

Кечадан бошланди, Украина билан Россия ўртасидаги низонинг сулҳ эҳтимоллари пайдо бўла бошлади, томонлар бир-бирига компромисс баёнотлар беришни бошлади. Россия рублининг охирги икки кун ичида мувозанатлашаётгани Россия сиёсатчилари томонидан агрессив баёнотлар бериш камайгани билан ҳам боғлиқ. Низонинг биринчи кунлари айрим сиёсатчилар можаронинг фақат кенгайиб боришини хоҳлаётгани билиниб турганди. Охирги кунларда шу факторнинг ҳисобига глобал биржада ҳам, рус биржасида ҳам долларнинг рублга нисбатан қиймати секин мувозанатлашмоқда. Бир доллар 107 рублдан сотилмоқда.

— Сўмнинг долларга нисбатан ҳозирги шароитда қадрсизланиши қанчалик хавотирли?

— 23 февралдаги курс билан солиштирганда сўм долларга нисбатан 3-5 фоиз қадрсизланганини кўриш мумкин. Биз глобал дунёда яшаяпмиз, озми-кўпми ўзимизнинг чегараларимиз мавжуд. Интеграциялашувимиз Қозоғистон ва Россиячалик эмас. Лекин маълум маънода чегараларга эгамиз. Кеча ва ундан олдин валюта биржасида ва биржадан ташқари савдоларда долларнинг сўмга нисбатан курсининг ошиб бораётганини табиий қабул қилиш керак. Бозор иқтисодиётнинг тирик организми сифатида реакция кўрсатяпти.

Энди нима қилиш керак деган саволингиз бўлса керак. Эртага Марказий банкнинг йиғилиши бўлади, менинг назаримда миллий валютанинг мувозанатлашиши билан боғлиқ қатор қарорлар қабул қилинади. Ўзим қандай қарорлар қабул қилинади деган прогнозлар айтмоқчи эмасман, эртанги қабул қилинадиган қарорларда инфляцияни жиловлаш бўйича чоралар бўлишини кутяпман.

Ўзбек сўми қозоқ тангаси эмас, рубл билан бир текисда қадрини йўқотади, деган тушунчалар жуда примитив. Унга умуман эътибор бериш керак эмас. Ким рубл шунча қадрсизланди, сўм ҳам шунча қадрсизланади, деган бўлса билингки, унинг базавий иқтисодий маълумоти йўқ. Ўтган ҳафтадаги ҳолатни олиб қарайдиган бўлсак, сўм 4,5 фоиз атрофида қадрини йўқотди. Бугунги кундаги ҳолатни умуман хавотирли эмас, деб ҳисоблайман. Эртанги ёки индинга бўладиган воқеаларни ҳам хавотирли деб ҳисобламайман, бу – бозорнинг реакцияси, биз бозорда ўз иқтисодиётимиз манфаатларини ҳимоя қилишимиз керак. Сўмнинг курсини сунъий ушлаб туриб уни ҳимоя қилиб бўлмайди. Қайтанга ўзимизга ўзимиз чоҳ қазиган бўламиз. Сўм қиймати бозор талаби ва таклифи асосида белгиланиши керак.

— Марказий банк томонидан рубл курси бўйича тавсиявий коридор белгилангани сўмнинг қадрсизланишига таъсир қилди, деб ҳисоблайсизми?

— Ўтган ҳафтада тижорат банклари учун Россия рублига мақбул коридор белгилангани ўзбек сўмининг озгина мувозанати қадрсизланиш тарафга қараб кетаётганига асло алоқаси йўқ. Белгиланганида ҳам, белгиланмаганида ҳам шу воқеа рўй берган бўларди.

Коридорнинг оқибатлари спекуляция билан боғлиқ. Агарда ўша коридор номуддат тарзда айрим тоифа импортёрларимиз, мижозлар учун қулай тарзда қолаверганида эди, бу албатта, самарасиз оқибатларга олиб келган бўларди. Яхшики, икки кун ичида бунга чек қўйилди. Бир кун тушдан кейин мақбул коридор бўйича ишланди, эртаси куни тушгача ишланди ва ундан кейин бу масалага қайтилгани йўқ. Агар шу масала узоқ муддатда давом этганда боғлаш мумкин бўларди, бироқ бу ерда сабаб ва оқибатлар йўқ.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Top