6 ой таъмирланган мактаб деворлари 3 ойга бормай ёрилди
Ўтган йилнинг 30 декабрида қурилиши якунланиб фойдаланишга топширилган мактаб биносида 1-2 сантиметр катталикдаги ёриқлар пайдо бўлганини ўқитувчилар март ойининг бошларида кўриб қолишди. Наманган тумани Равнақ қишлоғидаги 360 ўринли 29-мактаб қурилиши ўтган йилнинг июл ойида бошланиб, 6 ой давом этган эди.
Фойдаланиш учун қабул қилиш далолатномасига Наманган вилоятининг 16 та масъул ташкилот вакиллари имзо чекиб, “Обод қурилиш таъмир сервис” жамияти объектда мукаммал қайта қуриш ишларини яхши ҳолатда якунлаганини тасдиқлаган.
Мактабга борганимизда бинонинг ёриқ пайдо бўлган биринчи қаватида қурилиш ишларини олиб борган ташкилотнинг эллик нафарга яқин ишчилар гуруҳи жадаллик билан иш олиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, бинонинг олди йўлакларига “брусчатка” босиш ишлари ҳам кетаётган эди.
Бино хона ва йўлакларидаги ёриқ жойлар сувалиб, беркитилибди. Кўриниб турардики, “мукаммал” қурилиб топширилган бинода ишлар у даражада мукаммал бўлмаган эди, чоғи.
Биз бинони қабул қилиб олган мутасаддилар, буюртмачи ташкилот – “Наманган вилоят ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” масъуллари, қурувчилар ва мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашдик.
Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исроиловнинг изоҳи қуйидагича бўлди:
“360 ўринли мактаб биноси инвестиция дастури асосида қурилган, бундан ташқари қўшимча 80 ўринли бино мукаммал таъмирлаб берилган. Биз қабул қилиб олганимизда бинода бирорта ёрилган жой ёки бошқа хато-камчиликни кўрмаган эдик. Барчаси чиройли эди.
Кейинчалик эксплуатация даврида ўқувчиларимизни таътилга чиқиши олдидан канализациядан сув оқиши оқибатида парда деворларда чўкиш ҳосил бўлди. Маҳаллий аҳоли ва ўқитувчилар томонидан мурожаат қилингач, биз “Ягона буюртмачи” инжиниринг компаниясига чиқдик. Шундан сўнг Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов бошчилигида туман мутасаддилари иштирокида қурилишга масъул ташкилотлари билан мактабда мажлис бўлди.
Қурувчилар ҳолатни кўриб, юк кўтариб турувчи эмас, ўртадаги “пар деворлар”да ёриқлар пайдо бўлганини айтишди ва ўша кундан бошлаб иш кетяпти. Қурилиш кетаётган пайтда мен келиб кўздан кечирганимда мана шу “пар деворлар”ни яримта ғишт билан уришаётганини кўриб ҳайрон бўлгандим, бошқа қурилишларда бундай деворлар гипсокартон билан қилинар эди. Қурувчилар лойиҳада шундай берилганини айтишди. Ҳозир кўриб турибсизлар, бу жойда камчиликни тўғрилаш учун 30-40 нафар одам ишлаяпти”.
Объект буюртмачиси Наманган вилояти ягона буюртмачи инжиниринг компанияси ҳисобланади. Мазкур ташкилот бош муҳандиси Ойбек Ҳожиев мактабда қайта олиб борилаётган ишларни назорат қилгани келган экан. Мутасаддига саволлар билан мурожаат қилдик.
— Объектни қабул қилишда эътиборсизлик қилинмаганмиди?
— Биз бинони мукаммал қурилганини ўрганиб чиқиб қабул қилганмиз. Канализация қувурларидан сув сизгани учун мана шу ҳолат келиб чиқди. Топширилган пайтда бирорта ёриқ ёки дарз кетган жой йўқ эди.
Мутахассислар келиб, ўрганиб ички канализация қувурларидаги чокдан сув сизганини аниқлашди. Бунинг оқибатида хоналар ўртасидаги “перегородка”ларнинг чўкиши ҳисобига 1-2 сантиметрли ёриқлар пайдо бўлган. Лойиҳачилар билан келишиб, мана шу “перегородкалар”даги камчиликларни бартараф этяпмиз.
— Бино қурилиши қачон бошланган эди, ўз муддатида топширилдими?
— 29-мактаб биносида қурилиш-монтаж ишлари 2021 йилнинг июл ойида бошланиб, декабр ойининг охирида мукаммал битирилиб топширилган.
— Мактаб биносининг 6 ойда битказилиши оз фурсат эмасми?
— Биз шартнома бўйича қурилиш ташкилотига 6 ой муддат берганмиз, ташкилот жадвал бўйича ўз ишини тамомлаган.
— Деворлардаги ёриқлар суваб беркитилибди. Эртага яна ёрилиб кетмаслигига ким кафолат беради?
— Биз деворларни сувамадик, лойиҳачи билан келишиб, биринчи қаватдаги “перегородка”ларни гипсокартон билан бошқатдан қуриб чиқдик. Таъкидлаб айтаман, бинонинг асосий юк кўтарувчи деворларида, пойдеворида чўкиш ҳолати йўқ. Фақат хоналар ўртасидаги “перегородка”ларга зарар етган.
— Бинони қурилиш ташкилоти мукаммал ҳолатда топширган бўлса, нега ташқаридаги брусчаткалар қайта ётқизиляпти. Ичкарида фақат битта девор ёрилган бўлса, бутун бошли 1-қават қайтадан таъмирланмоқда. Бу ортиқча харажат дегани эмасми?
— Бино топширилганидан сўнг мактабга мебеллар катта юк машиналарида олиб келинган. Шунда ташқаридаги брусчаткаларга зарар етган, шунинг учун қайтадан ётқизиляпти. Бундан ташқари, буюртмачи томонидан пудратчи ташкилотга умумий сумманинг 95 фоизи ўтказилган, 5 фоизи эса қолган. Қолган сумма бир йил давомида ўтказилади. Пудратчи йил давомида камчиликлар юзага келса, тўғрилаши лозим. Ичкарида эса “перегородка” қисмларини бузиб қайтадан қуриш ишлари кетмоқда.
Биз шундан сўнг пудратчи – “Обод қурилиш таъмир сервис” қурилиш ташкилоти муҳандиси Абдулҳоди Раҳмонов билан суҳбатлашдик. Муҳандис ҳам юқоридаги сабабларни айтди холос.
Мактаб ўқитувчилари синф хонасига тўпланган экан. Уларнинг олдига масъуллар билан бирга кирганимиз туфайли саволларимизга қимтиниб, ҳадик билан жавоб беришди (бу ҳақда кейинчалик биз билан телефон орқали боғланиб маълум қилишди).
“14 март куни келсак, тиббиёт хонасида ёриқ пайдо бўлган экан. Ундан олдин чизиқлар тушганини кўрган эдик. Ёриқнинг катталиги 3-4 сантиметр, икки бармоқ сиғадиган эди. Тасвирга тушириб ота-оналарга жўнатсам, тарқаб кетибди. Энди болалар таълим оладиган даргоҳда бундай ҳолат хавф туғдириши аниқ-ку? Ҳозир мана қурувчилар иш олиб боришиб, тез кунларда камчиликлар бартараф этилишини айтишмоқда”, дейди мактаб психологи Муслимбек Ғаппаров.
Бошланғич синф ўқитувчиси Дилфуза Юнусова ва мактаб директори Шукрилло Нуриддиновлар ҳам бино фойдаланишга топширилганида ҳеч қандай камчиликлар бўлмаганини, балки узоқ муддат ёғган ёмғирлар бинога таъсир қилгани учун шундай ҳол рўй берган бўлиши мумкинлигини айтишди.
Қурувчи ва мутасаддилар зўр бериб ёриқлар бинони ушлаб турувчи асосий деворларда эмас, балки хоналар оралиғидаги тўсиқ сифатида қурилган деворларда пайдо бўлганини, ёриқлар аниқланган деворларни бузиб қайта қуришганини таъкидлашди. Биз аслида ҳам вазият шундай деб умид қиламиз, ахир келажак авлод таълим оладиган бино қурилиш меъёрлари асосида мукаммал бунёд этилиши, болалар хавфдан холи бўлган бинода дарс олишлари керак.
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
17:38 / 28.12.2024
Президент Янги Тошкентдаги илм ва таълим масканлари қурилиши билан танишди
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
11:55 / 09.09.2022