18:31 / 29.03.2022
16619

Самарқанддаги парк хўжакўрсин учун тендерга қўйилганми?

«Ёшлик» маданият ва истироҳат боғида кўп йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар паркнинг давлат-хусусий шериклик асосида бошқа тадбиркорга бериб юборилиши натижасида ишсиз қолишаётганини баён қилишди.

Kun.uz кўп йиллардан буён истироҳат боғида аттракционларни ишлатиб келган тадбиркорлар ва ДХШ лойиҳасини ютиб олгани айтилаётган жамият вакили билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги ушбу боғ 2019 йил 10 майдаги «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 апрелдаги «Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида 2021 йилнинг 13 декабр куни тендерга қўйилган.

Бу ҳақдаги эълон Маданият вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг сайтига жойлаштирилган. Амалдаги қоидаларга кўра, Маданият вазирлигига хусусий ташаббускор «KIT AUTO» МЧЖ томонидан ташаббус таклифи, шу жумладан, лойиҳа концепцияси тақдим этилган.

«KIT AUTO» МЧЖ директори ўринбосари Фарҳод Абдуқодиров 45 кун давомида ушбу лойиҳага бошқа даъвогарлар чиқмагани учун тендер ўтказилмагани, натижада вазирлик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилганини айтмоқда. Абдуқодировга кўра, у ишлаб турган жамият боғда қурилиш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 10 млрд сўм маблағ сарфлаши керак.

Абдуқодиров келгусида парк ҳудудини ўз ҳисобидан тўлиқ аттракционлар билан қамраб ололмаслигини яширмади. Ишлар якунлангач, паркда шу вақтгача фаолият олиб борган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини маълум қилди. У гарчи тадбиркорлар 2022 йилда ҳам ижара шартномаси асосида ишлаб туришини бизга айтган бўлса-да, боғни 23 мартгача бўшатиб қўйишни сўраб, аллақачон тадбиркорларга огоҳлантириш хати юборилган.

Тадбиркорлар паркни обод қилиш учун кўпроқ маблағ тикмоқчи

Маданият ва истироҳат боғида шу вақтга қадар ишлаб келаётганлар юқоридаги жараёнларга эътироз билдириб, тендер қоидалари шаффоф ўтмаганини айтмоқда.

2010 йилдан бери шу ерда фаолият олиб бораётган Баҳриддин Фахриддинов 2021 йилда истироҳат боғини ДХШ асосида олиш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, вилоят маданият бошқармаси, боғ раҳбарига бир неча марта мурожаат қилинганини айтмоқда. Унинг айтишича, негадир ҳар сафар боғ ДХШ асосида тендерга қўйилмаслиги маълум қилинган. Аммо «KIT AUTO» МЧЖ ташаббус билан чиққанидан хабар топишгач, боғ директори Жавоҳир Шокировга яна мурожаат қилинган. Парк раҳбари бу сафар ҳам тадбиркорларни хавотирга берилмасликка чақиргани, эски ҳолатда ишлар давом этаверишига ишонтирганини билдирди.

Баҳриддин Фахриддинов 10 миллиард эмас, 20 миллиард сарфлаб, боғни обод қилишга қодир бўлган тадбиркорлар шу ернинг ўзида борлигини иддао қилди.

Алишер Ибрагимов 2017 йилда Хитойдан битта аттракционни олиб келиб ўрнатгани ва бу учун 56 минг АҚШ доллари сарфлаганини айтмоқда. Ўша йили ундан боғнинг ободончилиги учун ҳам 25 миллион сўм кўчириб бериш сўралган. Ибрагимовга кўра, тадбиркорларнинг деярли барчаси гоҳ ободончилик, гоҳ ҳомийлик кўринишида боғ маъмуриятига ёрдам бериб келади.

Тадбиркор Шуҳрат Ҳамидовнинг айтишича, сўнгги йилларда боғда бирор марта бахтсиз ҳодиса содир бўлмаган. Шундай бўлса-да, у бир ой муқаддам Тошкент шаҳридан Саноат хавфсизлиги назорати бўйича масъуллар келиб, ҳеч қандай мосламасиз, аттракционларни кўздан кечирган ва уларнинг барчасини яроқсизга чиқариб кетганини айтмоқда.

Қолаверса, 2020-2021 йилларда коронавирус пандемияси туфайли мавсумда етарли тарзда фаолият кўрсата олмай, даромаддан қуруқ қолган тадбиркорлар энди хавотирлар босилганда ҳамма нарсадан мосуво бўлай деб туришганини айтишмоқда.

«Ёшлик» маданият ва истироҳат боғи директори Жавоҳир Шокировга кўра, боғ хўжалик ҳисобида бўлиб, доимий 4-5 нафар ишчи-ходим фаолият олиб боради. Шокиров ўзига ҳам ушбу истироҳат боғи ҳеч қандай тендерга қўйилмаслиги ҳақида вилоят маданият бошқармаси хабар берганини яшириб ўтирмади.

Шу вақтга қадар боғда юздан ортиқ тадбиркорлар фаолият олиб бориб, улар орасида электр энергияси, маиший чиқиндилардан ташқари ҳар мавсумда ўртача 10 миллион сўмгача ижара тўлов қилиб келганлар бор. Қолаверса, аттракцион олиб кирган тадбиркор мажбурий-ихтиёрий ҳомийлик қилишга мажбур. Шундай бўлишига қарамай, боғ таъмирталаб бўлиб қолиши, очиғи, мантиққа зид. Наҳотки, тадбиркорлардан тушган шунча маблағ фақат тўрт-беш нафар ходимнинг ойлик маошига сарф қилинган бўлса?

Вазирлик ортиқча маблағдан қочиб ОАВда эълон бермаганини айтмоқда

Дарвоқе, Маданият вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги сайтида жойлаштирилган эълон мана, бир неча ой ўтибдики 500-600 киши томонидан кўрилган. Тадбиркорлар вазиятдан хабардор бўлиши учун ҳеч қандай ҳаракат қилинмаган, аксинча, хабар топганларга тендер номига ўтказиляпти, хавотирга ўрин йўқ, дейилган.

Ваҳоланки, юзлаб тадбиркорлар ишлаб турган паркнинг кириш қисмига ҳам шу мазмундаги эълонни илиб қўйиш ёки бирор ОАВ орқали хабар бериш ҳам мумкин эди. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида ҳам тендер ўтказиш тўғрисидаги эълон оммавий ахборот воситаларида ёритилиши кўзда тутилган. Самарқандда эса бу эълон расмиятчилик учун қўйилгани айтилиб, ҳақиқий ҳолат яширилган бўлиши мумкин.

Kun.uz Маданият вазирлигидан олган муносабатга кўра, «Ёшлик» маданият ва истироҳат боғи ДХШга берилишидан олдин ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган. Натижада боғ қаровсиз ва оғир ҳолатда эканлиги, замон талабига жавоб бермаслиги маълум бўлган. Тизимдаги маданият марказлари ва истироҳат боғларини ДХШ асосида тадбиркорларга бериш амалиёти самарали эканлиги айтилган.

Шунингдек, «KIT AUTO» МЧЖ ташаббус билан чиққани ва эълон Маданият вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги сайтларида ҳеч қандай чекловсиз, очиқ тургани маълум қилинди. Қўшимча маблағ талаб этилишини ҳисобга олиб ва бу ихтиёрий бўлганлиги сабабли бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон берилмаган.

Айни вақтда вазирлик сайтида Оққўрғон ва Паст Дарғом туманларидаги маданият ва истироҳат боғлари бўйича очиқ эълон тургани ва тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш таклифи маълум қилинди.

Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳридаги “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғида фаолият олиб борган тадбиркорларнинг эътирозини асоссиз, дея баҳолади. Вазирлик муносабатида Самарқанд вилоят маданият бошқармасига ҳеч қандай топшириқ берилмагани ва ҳолат бўйича таниш-билишчиликка йўл қўйилмагани айтилган.

Тадбиркорлар Самарқанд вилоят маданият бошқармаси собиқ бошлиғи эълон хўжакўрсинга жойлаштирилгани, парк ДХШ асосида берилмаслигини айтганини иддао қилмоқда. Парк раҳбари Жавоҳир Шокиров ҳам бу фикрни тасдиқлади. Бироқ маданият бошқармасига яқинда тайинланган раҳбар Шаҳзод Эшонқуловдан бу ҳолатга изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Хулоса қилиш мумкинки, ҳар қандай танловни ўтказишдан мақсад энг қулай ва мақбул вариантни қабул қилишдир. Вазиятга қараб аввал ишлаб турган тадбиркорларнинг ўзидан таклиф олиш маъқул йўл эмасми?

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top