СССР-Америка: Совуқ уруш якунидаги дўстлик
Собиқ иттифоқ ва АҚШ деярли ярим аср ҳам ғоявий, ҳам ҳарбий-иқтисодий рақиб ва ҳатто очиқ душман бўлиб келишди. Гарчи қуроллар бевосита ишга тушмаган бўлса-да, “совуқ уруш ва қуролланиш пойгаси” деб ном олган даврда бутун дунё ҳадикда яшади.
Аммо ўтмишда бу икки давлат душманлиги маълум илиқлик даврларини ҳам бошдан кечирган. Масалан, Брежнев ва Никсон учрашувлар ўтказган, қатор режаларни амалга оширган бўлсалар, Горбачев ҳамда Рейган даврига келиб, тинчлик рамзи остидаги дўстона лойиҳалар шу қадар кўпайиб кетдики, илк бор кузатганда бу икки давлат азалий ҳамкорлар деб ҳам ўйлаш мумкин эди. Бундай рамзий ҳаракатлар бир қарашда оддий ташрифлардан тортиб нафақат икки давлат, балки бутун дунё аҳамиятига молик ҳужжатлар имзоланишигача борганди.
Саманта Смит СССРда
1982 йилда Брежнев вафот этади ва КГБ раҳбари Юрий Андропов СССР етакчисига айланади. Аммо дунё ҳамжамияти уни жуда совуқ кутиб олади. Андроповнинг ўзи ҳам бировга ишонмайдиган, фақат мамлакатнинг қуролли қудратига суянишни афзал биладиган, ўта принципиал раҳбар эди. АҚШ президенти Роналд Рейган СССРни очиқдан-очиқ ёвузлик империяси деб атайди ва бу ҳолат давлатлараро муносабатнинг нақадар совуқлигини англатиб турарди.
Шунингдек, жуда кўпчилик негадир Андроповнинг ядро қуролидан фойдаланишига, икки давлатнинг атом уруши бошланишига ишониб қолганди. Time журнали ўша йили Андропов ҳақида туркум мақолалар чоп этади. Мэн штатида яшовчи 10 ёшли Саманта Смит онасидан “Андроповдан ҳамма қўрқаркан, нега ундан ҳеч ким уруш бошлаш нияти бор ёки йўқлигини сўраб хат ёзмайди?” дея сўрайди. Онаси бунга жавобан: “Нега ўзинг сўрамайсан?” дейди ва Самантанинг машҳурлигига туртки беради.
Саманта Андроповга “Сиз атом уруши тарафдоримисиз? Нега АҚШни босиб олмоқчисиз?” деган мазмунда хат ёзади. Унинг хати “Правда” газетасида эълон қилинади. Андропов унга жавобан “СССР ҳеч ким билан урушмоқчи эмас. Биз тинчлик тарафдоримиз. Сен юртимизга меҳмонга кел ва ўз кўзинг билан кўр”, дея жавоб йўллайди.
Саманта Смит СССРга келади, Москва, Ленинград, Қримдаги “Артек” оромгоҳида бўлади. Унинг бу ташрифи икки давлат дўстлиги рамзи сифатида кенг ёритилади.
Ёш қизалоқ машҳурлик ортидан фильмларда суратга туша бошлайди, интервьюлар беради, қоплаб хатлар олади. СССРдаги ҳар бир бола уни ўзининг дўсти ҳисоблаган бир пайтда Саманта ва отаси авиаҳалокатда аянчли ўлим топади. Икки давлат ўртасида тинчлик тимсолига айланган қизалоқ ўша пайтда 13 ёшда эди.
СССР-АҚШ телекўприги
1982 йилда Лос-Анжелесда ўтказилган рок фестивалда артистларни яқиндан кўра олмайдиганлар учун тасвир DiamondVision экранлари орқали масофавий узатилади. Тадбир ҳомийси Стив Жобснинг дўсти Стив Возняк эди. Бу дастур йирик давлатлар ўртасида теледастурлар узатиш, бевосита икки телеканални боғлаш ғоясига туртки беради ва катта қизиқишни ҳисобга олиб, СССР танланади. Иттифоқнинг АҚШдаги элчиси Добринин бу ғояни қўллаб-қувватлайди, “Гостелерадио” раҳбари Лапин керакли ташкилий ишларни бажаради. Қизиғи, иттифоқ томони уч кун ичида барча техник масала ҳал бўлганини билдириб, ҳамкорларни қойил қолдиради.
Телекўприк жуда катта шов-шув келтириб чиқарди. Чунки ҳар икки давлат пропагандасида рақибининг ҳаёти кучли бўёқларда тасвирланарди. Телекўприкда ўзлари каби кундалик ташвишлар билан, болам-чақам деб яшайдиган одамларни кўрган томошабинлар совуқ уруш музлари эрий бошлаганини ҳис қилишади.
Кейинчалик яна бир неча марта бундай дастур амалга оширилади. Айниқса, 1985 йилдаги Ленинград ва Сиэтл боғланишида иттифоқдаги инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, СССР томонидан уриб туширилган “Боинг” самолёти ва сургун қилинган академик Сахаров ҳақида ҳам сўз боради. Яна бири Саманта Смитга бағишланди.
Албатта, телекўприкдаги барча лавҳалар қатъий цензурадан ўтганидан кейингина совет томошабинига тақдим этиларди. Аммо ҳар икки томон дўстона руҳ беришга уринар ва бу ҳам илиқлик сари катта қадам бўлганди.
СССРда “Америка” журнали узоқ вақт чоп этилган. АҚШда эса СССР бюллетени тарқатилган. Муносабатлар илиши ортидан ҳамкорликда бизнес лойиҳаларни ёритувчи “СССР-Америка” журнали таъсис этилган.
“Яхши ният” ўйинлари
СССРнинг Афғонистонга қўшин киритгани сабаб 1980 йилда ўтказилган Москва олимпиадаси АҚШ ва бошқа қатор давлатлар томонидан бойкот қилинади. Олимпиада рақобати асосан СССР ва АҚШ ўртасида кечарди. Асосий рақибсиз қолган иттифоқ Москва олимпиадасида ақл бовар қилмас даражада кўп – 195 та медал олади ва уларнинг 80 таси олтин эди. ГДР (Германиянинг СССР иттифоқдоши бўлган ярми) 126/47 нисбатга эришади.
1984 йилдаги Лос-Анжелес олимпиадасига энди СССР бошлиқ социалистик блок давлатлари келишмайди. Табиийки, АҚШ 174/83 нисбатда мутлақ ғалабага эришади. ГФР (Германиянинг АҚШ ҳамкори бўлган ярми) 59/17 та медаллар шодасини олиб кетади.
Хуллас, мана шу тарзда олимпиада сиёсатга аралашиб кетиб, ҳақиқий спорт иккинчи даражага тушиб қолган бир пайтда Москвага медиамагнат Тед Тернер ташриф буюради. У барча адоватларни четга сурувчи, олимпиададан холи янги мусобақаларни йўлга қўйиш таклифини беради. Трансляция ҳуқуқи билан бирга Тернер мусобақаларнинг асосий харажатларини ҳам зиммасига олади.
1986 йилда илк “Яхши ният ўйинлари” ўтказилади ва катта муваффақиятга эришилади. 79 давлатдан 3 мингдан ортиқ спортчилар иштирок этган ўйинларда қатор рекордлар қайд этилади. Энг муҳими – уларда СССР ва АҚШ спортчилари қатнашишди.
Кейинги ўйинлар 1990 йилда Сиэтлда ўтказилди. Аммо сиёсий музлар эрий бошлаши, СССРнинг парчаланиши ортидан бу мусобақалар ҳам аҳамиятини йўқотди. Таъкидлаш жоизки, Артур Григорян, Оксана Чусовитина каби ўзбекистонлик спортчилар ҳам “Яхши ният ўйинлари” ғолиблари бўлишган.
Алвидо, қурол!
Юқоридаги тадбирлар ижтимоий-маданий характерда бўлса-да, аста-секинлик билан жуда муҳим келишув сари қадамлар вазифасини ўтаб беришди. Иттифоқ умрининг охирида Михаил Горбачев раҳбарлик қилган бўлса, унга АҚШнинг икки президенти – Рональд Рейган ва Жорж Буш билан ишлаш насиб қилди.
1986 йилда Исландия пойтахти Рейкьявик шаҳрида бўлиб ўтган Горбачев-Рейган учрашуви амалда бирор ҳужжат имзоланмаган бўлса-да, совуқ уруш хотимаси учун жиддий ҳаракат бўлди. Учрашув Горбачев таклифига кўра ўтказилади ва унинг асосий ғояси ядро қуролларини чеклаш, само томонга қуролланишдан воз кечишни англатарди.
Бу раҳбарлар ўртасидаги иккинчи учрашув бўлса-да, энг муҳимига айланди ва ҳар икки давлат ядро қуроли билан мақтаниш энди ортиқчалиги, атом урушида ғолиблар бўлмаслигини тан олишади. Кейинчалик бу келишувлар доирасида нафақат ядро каллаклари сонини ошириш тўхтатилади, балки мавжудлари сони ҳам ҳар икки томонда сезиларли даражада камайтирилади.
СССРнинг ноформал вориси ҳисобланувчи Россия ва АҚШ манфаатларининг Украина устида тўқнаш келиши ўзаро муносабатларда азалдан мавжуд бўлган совуқликнинг мантиқий давоми бўлса ажаб эмас.
Аброр Зоҳидов тайёрлади.
Мавзуга оид
11:39
Ғилай Ленин – СССРда 10 рубллик пулларни сохталаштирган шахс қандай фош бўлганди?
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024