20:35 / 21.04.2022
17715

Павел Дуров БАА фуқаролигини олди

Дуров БААга кўчиб ўтиши сабабини эркин иқтисодий ҳудудда солиқлар йўқлиги ва «бир йилда 180 кун ҳукуматга ишлашни истамаслиги» билан изоҳлаган.

Фото: Павел Дуров

Telegram асосчиси Павел Дуров Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролигини олди. Бу ҳақда Forbes Дуровга яқин бўлган манбаларга таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, шу тарзда Дуров тўрт мамлакат – Россия, Сент-Китс ва Невис, Франция ҳамда БАА фуқаросига айланди.

Манбанинг сўзларига кўра, Дуров БАА фуқаролигини 2021 йил февралда олган.

У саёҳатлар учун БАА ва Франция паспортларидан фойдаланади, «Сент-Китс ва Невис паспорти Дуров Россиядан эмиграция қилган дастлабки йилларда керак бўлган», дея қўшимча қилган манба.

«Павел Россияга бормайди ва саккиз йилдан буён бу мамлакатда ҳеч қандай активлари йўқ. Telegram Россияда офис ёки ходимига эга эмас, Россиядаги фойдаланувчилар сони 8 фоиздан ошмайди», — деган яна бир манба. Унинг айтишича, Дуровнинг Россия паспорти муддати «аллақачон тугаган».

Дуров 2017 йилда Dubai Media City эркин иқтисодий ҳудудидаги бинолардан бирида Telegram бош қароргоҳини очган. У БААга кўчиб ўтиши сабабини эркин иқтисодий ҳудудда солиқлар йўқлиги ва «бир йилда 180 кун ҳукуматга ишлашни истамаслиги» билан изоҳлаган.

Top