Ўзбекистон | 07:31 / 16.06.2022
4242
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мавжуд 120 та шаҳардан 118 тасининг бош режаси ишлаб чиқилган 

Ўзбекистонда мавжуд 120 та шаҳардан 118 таси бош режаси ишлаб чиқилган, Тошкент шаҳри бош режасини тайёрлаш бўйича амалий ишлар бошланган. Бу ҳақда АОКАда Қурилиш вазирлиги вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, мамлакатда 120 та шаҳар ва 1080 та шаҳарчалар мавжуд бўлиб, 120 та шаҳардан 118 таси, 98 фоизи бош режалари ишлаб чиқилган. Шаҳарчалар 205 тасида ҳам бу ишлар олиб борилган. Қишлоқ жойлардаги аҳоли пунктлари 30 фоизи меъморий режалаштириш лойиҳалари билан таъминланган. 

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича уч йиллик дастури асосида 214 та маҳалла бош режалари такомилига етказилган, 108 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бош режалари шу йил охирига қадар якунига етказилади. 

Қайд этилишича, “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасида Тошкент шаҳри бош режасини тайёрлаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Пойтахт қурилишида нималарга эътибор қаратиш керак, инфратузилма, транспорт, логистика, яшил ҳудудлар, бино ва иншоотлар жойлашувида шаҳарсозлик нормалари, бунда ривожланган давлатлар тажрибаси каби турли хил қарашлар илмий асосда амалиётга интеграция қилинмоқда. 

Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган шаҳар, шаҳарчалар ва қишлоқ (овуллар) МФЙ аҳоли пунктлари бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатлари учун 200 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу маблағни 28 та шаҳар ва шаҳарчалар, 108 та қишлоқ аҳоли пунктлари шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, жами 31 та Янги Ўзбекистон массивлари қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириш мақсад қилинган.

Мавзуга оид