07:39 / 20.06.2022
24765

Россиялик теннисчи Уимблдонда қатнашиш учун фуқаролигини ўзгартирди 

Натела Дзаламидзе Уимблдонда Грузия байроғи остида иштирок этади. Аввалроқ, Россия ва Беларус вакиллари Буюк Британиядаги турнирлардан четлаштирилган эди.

Фото: Picture Alliance

Аввалроқ Россия шарафини ҳимоя қилган теннисчи Натела Дзаламидзе Грузия байроғи остида Уимблдон турнирида иштирок этади, бу ҳақда мусобақа сайтида эълон қилинган аризалар рўйхатида маълумот берилган. Аёллар теннис уюшмаси (WTA) сайтида ҳам жуфтлик баҳсларида дунёнинг 44-ракеткаси Грузия вакиласи сифатида қайд этилган.

«Спортчиларнинг профессионал мусобақаларда қайси байроқ остида қатнашиши WTA ва ITF (Халқаро теннис федерацияси) томонидан тартибга солинадиган, келишилган жараёндир», деб хабар берди 19 июнь, якшанба куни турнир ташкилотчилари.

27 июндан 10 июлга қадар бўлиб ўтадиган «Катта дубулға» туркумига кирувчи турнирда Дзаламидзе сербиялик Александра Крунич билан жуфтлик баҳсларида қатнашади.

Апрель ойида Уимблдон ташкилотчилари - Бутунанглия лаун-теннис клуби ва Лаун-теннис ассоциацияси Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли россиялик ва беларуслик спортчиларга турнирда қатнашишни тақиқлаган эди. Буюк Британиядаги бошқа теннис мусобақалари ҳам тақиқ остида қолиб кетди.

WTA ва Профессионал теннисчилар ассоциацияси (ATP) бу қарорни танқид қилди, май ойида эса 2022 йилги Уимблдон рейтинг очколарисиз ўтказилиши маълум бўлди.

Top