21:46 / 24.06.2022
32016

“Ота-онам ўқишга рағбатни доим биринчи ўринга қўйишган” — ёш биолог қиз

Олтин медал учун 122,5 млн сўм пул мукофоти берилган. Кўпчилик пулни нима қилгансиз деб сўрайди: ота-онамга берганман. Ўзи бизда ота-онам кийинмайди ҳам, тўй ёки бошқа базмларга ҳам деярли бормайди, топганлари биз фарзандларининг таълим харажатларимизга кетади, дейди биология бўйича халқаро фан олимпиадаси ғолиби Азиза Абдувалиева.

Фотоколлаж: Kun.uz

Азиза Абдувалиева – “Микрофон қизларда” рукнининг навбатдаги меҳмони. 17 ёшли Азиза Халқаро биология олимпиадаси ғолиби, “Зулфия” мукофоти лауреати, айни пайтда Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси.

Халқаро олимпиададаги биринчи ўрин учун давлат томонидан 122,5 млн сўм билан тақдирланган Азизанинг бу муваффақияти учун вақтида ота-онаси етарлича инвестиция киритишган.

UQnvU1IDxbfmDACcjsbzrAEZwqVA5RWE.jpg (1060×732)
Фото: Халқ таълими вазирлиги

“Аёл кишининг илм олишига катта эътибор бериладиган муҳитда катта бўлганман”

2005 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилганман. Дадам ошпаз, онам туман поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Оилада 5 фарзандмиз.

Фанга қизиқишимга кўпроқ онам туртки бўлган деб ўйлайман. Сабаби онам ҳар доим: “Аёл кишининг илм ўрганиши жуда муҳим”, деб айтиб келадилар. Отам ҳам, онам ҳам бизнинг таълимимизга алоҳида эътибор беришган. Дадам ҳам жуда китобхон: чет эл, рус адабиётини яхши кўриб ўқийди, онам ҳам.

Китоблар орасидаги муҳитда катта бўлишим сабаб биологияга ҳам қизиқишим ортди. Онам кичиклигимдан шифокор бўлишимни орзу қилган, ўзимнинг ҳам бу йўналишга қобилиятимни кўриб тўғри йўналтиришга ҳаракат қилишган.

Бир ярим баравар қимматга олинган китоб

Ота-онам ҳар доим: “Қизим, ўқишинг учун дафтар, ручка, китоб – нима керак бўлса, ҳаммасини топиб берамиз, ўйламагин”, дейишарди. Улар ўқишга рағбатни доим биринчи ўринга қўйишган. Шунга оид бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Олтинчи ёки еттинчи синфдалигимизда мактабимизда китоб ярмаркаси ташкил қилинганди, унда Ўткир Ҳошимовнинг “Икки карра икки – беш” китобини кўриб қолиб сотиб олишни жуда хоҳлаганман. Шу кайфият билан чопиб уйга борганман, иш-ўқиш вақти бўлгани учун, уйда ҳеч ким йўқ, уйимизнинг калитини қўшнига қолдириб кетардик. Ёшлари етмишдан ошган қўшни бобонинг ёнига чиқиб телефонини сўраб туриб, шошганимча онамга телефон қилганман.

Фото: Азиза Абдувалиеванинг шахсий архивидан

“Ойи, ойи, мактабимизга китоб ярмаркаси келди, мана шу китобни олишни хоҳлаяпман,” деганман.

Ойим эса “Бу китоб бозорда ярим нархига турибди, қизим. Қиммат айтишибди. Озгина кутсанг, эртага бозордан олиб бераман”, деб жавоб берган.

Лекин мен ўша куниёқ шу китобни сотиб олишни хоҳлашимни айтиб туриб олганман. Сўнг онам қўшни бободан илтимос қилиб китобга етадиган пулни бериб туришни сўраган ва мен китобли бўлганман. Агар ота-онамнинг ўрнида бўлган бошқа киши бўлганда, эҳтимол, “Озгина сабр қиласан, бозордан олиб бераман, айнан ҳозир олишинг шартмас,” деган бўлар эди. Айтмоқчи бўлганим, ота-онам китоб ўқигимиз келганини кўриб ҳар қанақа вазиятда бўлса ҳам рағбат беришга ҳаракат қилган.

“Китоб танлашга ўрганганман...”

Бошида китобларни онамнинг ўзи олиб келиб берарди. Кейинроқ қўлимга пул бериб: “Китобни тўғри танлай олиш ҳам қобилият. Энди ўзинг танлайсан, қани, қандай китоблар оларкансан?” деб китоб дўконига олиб борган. Кичкинагина дўкончадан биринчи марта китоб олганимда ўша “будка”ча жуда катта, ичидаги китоблар эса туганмасдай туюлган.

Харид қилган китобларимни биринчи бўлиб онамга кўрсатардим, онам эса китоб бўйича ўз фикрларини билдирарди. Ўшанда онам шунчалик кўп китоб ўқиганки, у ўқимаган китобни топа олмасам керак, деб ўйлардим.

Ҳаётимдаги ҳамма муваффақиятим – керакли пайтда, ҳали нима тўғри-нотўғрилигини англаб улгурмаган пайтларимда ота-онам тўғри йўл кўрсатганида деб ўйлайман.

Фото: Азиза Абдувалиеванинг шахсий архивидан

Болалик орзуси

Мактабда "5" баҳога ўқиганман. Она-тили, тарих, география, биология, кимёни яхши кўрганман. Фанларга меҳрим тушиши ўқитувчиларимнинг билимли бўлишгани билан ҳам боғлиқ деб ўйлайман.

Кичиклигимдан шифокор бўлишни орзу қилганман. Сабаби онамнинг ишхонасига борганимда оқ халатли шифокор, ҳамшираларнинг иш жараёни, одамларнинг шифо топиб кетаётгани менга жуда таъсир қилган. Шунинг учун биологияни ҳам яхши кўриб ўргана бошлаганман.

5-синфда бизга дарс ўтган ўқитувчининг фанга қизиқтира олгани сабабли бир муддат тарихчи бўлишни ҳам хоҳлаб қолгандим. Лекин 6-синфда бошқа ўқитувчи дарс ўта бошлади ва тарихчи бўлиш орзуси чекинди.

Ҳозир энг асосий мақсадим – профессионал нейрожарроҳ бўлиш.

“Қийинчилик пайтида тасаввуримни ишга соламан...”

Биология – ҳаётни ўрганадиган фан. Бу фанни ўрганиш учун у билан параллел кимё, математикани ҳам яхши билиш керак. Менда бошида шу томонлама қийинчилик бўлган. Мактаб дарсликларида берилган маълумотларда камчиликлар, хатоликлар, тўлдирилиши керак бўлган ўринлар бор. Бу ҳам бошида бироз чалғитган.

Фанни ўзлаштиришда қийинчиликлар бўлган пайтлари шуғулланишни тўхтатиб қўйишни ўйлаган ёки бунчалик чуқур ўрганиб нима қиламан деган хаёлларга борган пайтларим ҳам бўлган. Бироқ келажагимни аниқ шу йўналишда кўраман. Ўзим кутаётган нарсаларни тасаввур қилиб кўришни яхши кўраман: келажакда оқ халатда нейрохирургия соҳасида одамларга фойдам тегаётганини, параллел тарзда илмий тадқиқотлар ҳам олиб бораётганимни тасаввур қиламан ва ўқишга мотивациям яна ошади. Ҳар қандай муваффақиятнинг орқасида машаққат ётишини эса яхши биламан.

Фото: Азиза Абдувалиеванинг шахсий архивидан

“9-синфни битириб Тошкентга келдим...”

9 йиллик таълимни Ғаллаоролдаги 42-мактабда тугатиб, ҳозир ўқишимни Тошкентда Педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицейда давом эттиряпман.

9-синфни тугатаётган пайтим ота-онам: “Агар хоҳласанг, ўз йўналишингда чуқурлаштирилган лицейда ўқишинг мумкин, биз бунга шароит қилиб бера оламиз”, дейишган. Шундан сўнг йўналишимга мос барча муассасаларни рўйхат қилиб чиққанмиз ва охирида Тошкент тиббиёт институти қошидаги академик лицей, бири – ўзим ўқиётган жой. 2 та лицей Тошкентнинг 2 томонида, пойтахтда қариндошларимиз йўқ, ҳам оиламизда бироз молиявий қийинчиликлар бор эди. Шунинг учун ҳам мен фақат битта лицейнинг имтиҳонида қатнашаман, шу етади, дегандим, лекин дадам: “Йўқ, қизиқишинг иккаласигами, демак, иккаласига ҳам имтиҳон топширасан, имконини қиламиз”, деганди. Ҳар икки лицейга ҳам қабул қилиниб, ҳозирги ўқиш жойимни танлаганман.

“Тошкентга келмагунча халқаро фан олимпиадалар ҳақида билмасдим ҳам...”

Ростини айтсам, то Тошкентга ўқишга келгунимча халқаро фан олимпиадалари ҳақида билмасдим ҳам. Шунақа имконият борлигини билиб, мен ҳам саралашларда қатнашдим ва Ўзбекистон терма жамоаси таркибида фан олимпиадасида қатнашиб олтин медални қўлга киритдим. Ўша пайти дадам Россияда ишларди, онам уйда эди, ғолиб бўлганимни эшитиб иккаласи ҳам йиғлашган, биринчи марта отамнинг йиғлаганини кўрганман.

Олтин медал учун 122,5 млн сўм пул мукофоти берилган. Кўпчилик “Пулни нима қилгансиз”, деб сўрайди, ота-онамга берганман. Ўзи бизда ота-онам кийинмайди ҳам, тўй ёки бошқа базмларга ҳам деярли боришмайди, топганлари биз фарзандларнинг таълим харажатларимизга кетади. Ўша пул ҳам барибир ўзимизга ишлатилган.

Фото: Азиза Абдувалиеванинг шахсий архивидан

“Зулфия” мукофоти атрофидаги гаплар

“Зулфия” мукофоти танлови учун ҳужжат топширдим ва шу йил 5-мартда мен ҳам тақдирланганимни айтишди. Мукофот атрофида ҳар хил гаплар юради. Тақдирланганлар 28 киши бўлса, лекин мен ўзим учун жавоб бераман. Аслида, мукофот – олиш учун ҳаракат қиладиган қанақадир соврин эмас, балки ютуқлар ва ҳаракат учун бериладиган тақдирловдир.

Келажагимни қандай тасаввур қиламан?

Бу йил ҳам халқаро олимпиадада қатнашаман, ҳозир шунга тайёргарлик кўряпмиз. Тайёргарликлар қаттиқ ва кўп вақтни олгани учун халқаро университетларга ҳужжат топширишга улгура олмадим. Шунинг учун Тошкент педиатрия институтига ўқишга ҳужжат топширмоқчиман, лекин кейинги йил ўқишимни хорижга кўчиришни режалаштирганман.

Нейрохирургия соҳасида яхши мутахассис бўлиш – асосий мақсадим. Чет элда ўқишимга ота-онам ҳам қарши эмас, улар менга ишонишади ва қўллаб-қувватлашади.

Аниқ фанлар йўналишида қизлар нега кам?

Илм билан шуғулланса, қизлар кўп вақтини ишга ажратиб оиласини эплай олмай қолади, деган хавотирлар бунга сабаб деб ўйлайман. Лекин имкон берилса, биз ҳамма нарсани эплай оламиз. Қолаверса, қиз бола барибир бошқа уйга кетади, деган қарашлар ҳам бор. Булар ҳам қизлар ўқишига халақит беради.

Ўзимдан мисол қилиб келтирсам, онамнинг билимли экани ўзимнинг ўқимишли бўлишимга сабаб бўлган. Шунинг учун фарзандлар билимли бўлиши, жамият ривожланиши учун оналар илмли бўлиши жуда муҳим.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Top