14:04 / 08.07.2022
37775

Япониянинг собиқ бош вазири Абе суиқасддан кейин вафот этди

67 ёшли Синдзо Абе суиқасддан кейин кома ҳолатига тушди ва ҳушига келмасдан шифохонада вафот этди.

Фото: AP

Аввалроқ, Абе Нара шаҳрида нутқ сўзлаётган вақтида ҳужумга учраган, унга қарата 2 марта ўқ узилган эди.

Шундан сўнг унинг юраги тўхтаб қолган ва зудлик билан шифохонага ётқизилди. Kyodo ва NHK хабарига кўра, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кураш олиб боришганига қарамай, Абенинг жони узилган.

Полиция суиқасд уюштиришда гумонланувчининг қўлга олингани ҳақида хабар берди. У Нара шаҳрида яшовчи 41 ёшли собиқ ҳарбий бўлиб чиқди. Воқеа жойида унга тегишли қурол топилган. Гумонланувчи Абенинг олиб борган сиёсатидан норози эканини айтган. 

Синдзо Абе 2006-2007 ва 2012-2020 йилларда Япония бош вазири лавозимида ишлаган эди. 2020 йилда Абе соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли лавозимни тарк этиш қарорини эълон қилди.

Top