Жаҳон | 07:58 / 12.07.2022
11939
2 дақиқада ўқилади

NASA «Жеймс Уэбб» телескопидан олинган биринчи суратни эълон қилди

Олимлар NASA тарихидаги энг қиммат лойиҳа бўлган «Жеймс Уэбб» космик телескопи томонидан олинган биринчи суратни кўрсатди.

Фото: NASA

NASA космик агентлиги «Жеймс Уэбб» космик телескопи (James Webb Space Telescope, JWST) томонидан олинган коинотнинг биринчи рангли фотосуратини тақдим этди. Сурат 11 июль, душанба куни Оқ уйдан трансляция чоғида оммага эълон қилинди.

«НАСАнинг Жеймс Уэбб космик телескопи томонидан олинган ушбу биринчи сурат коинотнинг ҳозирги кунга қадар энг чуқур ва аниқ инфрақизил тасвиридир», — дейилади NASA баёнотида. Расм 4,6 миллиард йил олдин пайдо бўлган SMACS 0723 галактика йиғиндисини акс эттиради.

«Минглаб галактикалар, шу жумладан инфрақизил нурда кузатилган энг заиф объектлар биринчи марта Уэббнинг кўриш майдонига тушиб қолди. Бу улкан коинот бўлаги осмоннинг худди қум заррачасидаги қисмини қамраб олади, уни ер юзида кимдир қўл узунлигида ушлаб тургандек гўё», дея агентлик расмни тасвирлаб берди.

SMACS 0723 шундай катта массага эгаки, тортишиш кучи унинг орқасидаги галактикаларнинг ёруғлигини бузади ва «тортишиш линзалари» вазифасини бажаради. Ушбу эффект туфайли камера SMACS 0723 йиғиндиси ортида жойлашган узоқроқ галактикаларни суратга олишга қодир, деб тушунтиради NASA.

NASA 12 июль куни Вашингтон яқинидаги Годдард космик парвозлар марказидан трансляция пайтида қайта ишланган тасвирларнинг қолган қисмини тақдим этишга ваъда берди. «Уэбб космик телескопи томонидан олинган биринчи сурат илм-фан ва технология учун тарихий лаҳзани ифодалайди. Астрономия ва космик тадқиқотлар учун. Америка ва бутун инсоният учун», деб ёзган АҚШ президенти Жо Байден. 

«Жеймс Уэбб» космик телескопи 2021 йил декабрь ойида коинотга учирилган. Бу NASA, Европа ва Канада космик агентликларининг қўшма лойиҳасидир. Лойиҳанинг тахминий қиймати 10 миллиард долларни ташкил этди ва бу борадаги ишлар 30 йилдан ортиқ вақт олдин бошланган. 

Мавзуга оид