11:11 / 02.08.2022
17522

Тошкентда қарама-қарши йўлга чиқиб кетган «Матиз» икки кишини уриб юборди

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ўлим билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

2022 йилнинг 30 июль куни тахминан соат 15:30 ларда, 2001 йилда туғилган ҳайдовчи А.Ш. ўз бошқарувидаги давлат рақами “Матиз” русумли автоуловда Олмазор тумани Фаробий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, у йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетган ва 14-сонли оилавий поликлиника қаршисида йўлни кесиб ўтаётган пиёда, 1988 йилда туғилган Т.Н. ва 2017 йилда туғилган, вояга етмаган Х.М.ни уриб юборган.

Натижада, пиёда Т.Н. ва Х.М. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасига ётқизилган, бироқ шифокорлар уринишларига қарамай, вояга етмаган Х.М. шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Қайд этилишича, ҳайдовчи А.Ш.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top