07:39 / 05.08.2022
3025

Мустақил ОТМлар маблағ билан қандай қўллаб-қувватланиши белгиланди

Тошкент давлат педагогика университети / Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида кадрлар тайёрлаш учун давлат бюджетидан молиялаштириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларини бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни тартибга солади:

  • молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини аниқлашда қўлланиладиган харажатлар базавий нормативлари;
  • молия йилида харажатларнинг базавий нормативларини қўллаш йўли билан молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари учун бюджет маблағлари ҳажмини ҳисоблаш тартиби.

Молия йили учун ОТМга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини аниқлашда қуйидаги харажатлар базавий нормативлари қўлланилади:

  • профессор-ўқитувчилар ҳамда бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлари;
  • бир нафар талабани ўқитиш учун жорий харажатлар;
  • бошқа харажатлар (коммунал хизматлар, ўқитиш харажатлари, жорий таъмирлаш) ҳамда асосий активларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш учун ажратиладиган маблағлар;
  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларини молиялаштириш тартиби.

Давлат буюртмасини молиялаштириш давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитишни молиялаштириш бўйича намунавий битимга мувофиқ амалга оширилади. У буюртмачи (вазирлик, идора) ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида тузилади. Битим имзолангандан сўнг ОТМ бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасини шакллантиради ва тасдиқлайди.

Низом нормалари қуйидагиларга татбиқ қилинмайди: талабаларга стипендия тўловлари; олий ўқув юртидан кейинги таълим харажатлари, педагоглар малакасини ошириш; етим ва ота-онаси қаровисиз қолган талабалар моддий таъминоти бўйича харажатлар белгилаш; президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ажратиладиган маблағлар.

Top