Иқтисодиёт | 18:35 / 12.08.2022
33723
7 дақиқада ўқилади

Молиявий хизматлар экспериментига йўл очилмоқда. МБ қумдони қандай ишлайди?

Ўзбекистон Марказий банки тартибга солиш қумдонини жорий этмоқда. Бунда ташаббускорлар қонунчилик билан тартибга солинмаган янги турдаги молиявий хизматларни аҳоли орасида синовдан ўтказиши мумкин. Ислом молияси хизматлари ҳам шулар жумласидан.

12 август куни Марказий банкда бўлиб ўтган медиа мулоқотда тартибга солиш қумдони ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Kun.uz берилган маълумотлар асосида янги тизим борасида шарҳ тайёрлади.

Янги тизим ҳақида қисқача

Молиявий хизматлар қумдони – янги молиявий хизматларни жорий қилиш учун синовдан ўтказишни тартибга солувчи ҳуқуқий режимдир.

Масалан, бирор ташаббускор янги молиявий хизматни йўлга қўймоқчи бўлса ва қонунчиликда унга оид норма бўлмаса, ҳуқуқий тартибга солинмаган ёки ноаниқликлар мавжуд бўлса, ташаббускорлар шу тизимдан фойдаланган ҳолда, янги хизматни синовдан ўтказиши мумкин бўлади.

Синовдан муваффақиятли ўтган хизматларга доир норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши мумкин.

Нега энди “қумдон”?

Буюк Британияда жорий қилинган бу тизим (regulyatory sandbox)да болалар ўйнайдиган қумли майдонча рамз қилиб олинган бўлиб, тизим янги молиявий хизматларни синовдан ўтказиш учун синов майдончасини яратиб беришни назарда тутади.

Бундан кимга нима фойда?

Тизим молиявий бозорда янги молиявий хизматларни кўпайтиришга ва бу орқали истеъмолчиларга кўпроқ қулайликлар яратишга ёрдам беради.

“Оддий аҳолига шу пайтгача бўлмаган хизматни бор қилиб ёки бор хизматни яхшилаб беради. Айтайлик, ҳозирги кунда қайсидир хизмат бозорда йўқ, қумдон эса – истеъмолчи учун хизматлар кўламини ёки бор хизматни яхшилаб бериш учун платформа.

Масалан, Ислом молияси бўйича хизматларни олайлик. Бизда Ислом молиясига оид қонунчилик тўлиқ йўлга қўйилмаган. Анъанавий банклар одамларга 100 сўм бериб, 120 сўм қайтариб бериш талабини қўйса, Ислом молиясида бу шартлар истеъмолчининг эътиқодига тўғри келмаслиги мумкин. Бунда банк истеъмолчига керак бўлган бирор товарни аввал ўзи сотиб олиб, кейин уни мижозга сотишига тўғри келади. Мана шу савдо-сотиққа нисбатан анъанавий банклар учун қонунда тўсиқ бор. Яъни банк истеъмолчига товар олиб бера олмайди, лекин товар учун пул бериши мумкин. Аммо, юқорида айтганимиздек, истеъмолчи фоизли кредит олишга эътиқоди йўл қўймаслиги мумкин. Бунда бу янги хизмат турига эҳтиёж пайдо бўлишини англатади. Худди шу янги хизмат тури қумдон тизими асосида синовдан ўтказилиши мумкин. Бу битта мисол холос.

У халқаро тажрибадаги янги молиявий хизматларда риск бўлиши мумкинлиги ва бизга тўғри келиш ёки келмаслигини аниқ билмаганимиз учун уларни дарров жорий қила олмаймиз. Бу тизим айнан шу рискларни баҳолаш учун синов ўтказишга ёрдам беради”, – дея тушунтиради Марказий банк департамент бошлиғи Санжар Носиров.

Қандай молиявий хизматлар синовдан ўтказилади?

Молиявий бозорда янги хизматлар ёки у учун қонунчиликда чекловлар мавжуд бўлса ё қонунчилик билан тартибга солинмаган бўлса, бундай хизматлар синовдан ўтказилади.

Марказий банк ваколатларидан ташқари бўлган, яъни бошқа давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тартибга солинувчи молиявий хизматларни синовдан ўтказишга йўл қўйилмайди.

Ташаббускорлар қандай ҳолларда ариза бериши мумкин?

Юридик шахслар якка ўзлари ёки Марказий банк назорати остидаги ташкилотлар билан биргаликда ариза бериши мумкин.

Марказий банк назорати остида бўлмаган ташаббускорларга қайта ташкил этиш ёки тугатиш, банкротлик ҳолатида бўлмаслик, бир қатор жиноятлар учун судланганлик ҳамда офшор ҳудуднинг резиденти бўлмаслик ёки ушбу ҳудуддан рўйхатдан ўтмаганлик каби талаблар қўйилади.

Ҳужжатлар қандай кўриб чиқилади?

Аризалар 60 кунда кўриб чиқилади. Марказий банк зарур ҳужжатларни сўраш, синов жараёни ҳақида ҳисоботларга ўзгартириш киритиш ва ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Ташаббусларга қандай шартлар қўйилади?

  • янги молиявий хизматга тест режимида рухсат берилгани сабаб хизмат мижозларининг сони чекланган бўлиши лозим (риск тўла баҳоланмагани боис аҳолининг катта қисмини қамраб олишига йўл қўйилмайди);
  • тартибга солиш қумдони муддати 3 йилдан ошиши мумкин эмас;

Қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

  • тартибга солиш қумдони иштирокчиси томонидан амалга ошириладиган операциялар сони ва ҳажми;
  • синовдан ўтказишни амалга ошириш жойи (ҳудуди);
  • берилган тўлов инструментлари ёки тузилган шартномалар сони;
  • бир мижоз томонидан, шу жумладан белгиланган вақт (кун, ҳафта, ой, квартал) давомида амалга ошириладиган операцияларнинг максимал ҳажми;
  • молиявий хизматни синовдан ўтказишда ўрнатилиши мумкин бўлган бошқа шартлар.

Синов натижалари муваффақиятли бўлиши нимани англатади?

Иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка жиддий хавф туғдирувчи таваккалчиликлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек тартибга солиш қумдони иштирокчиси томонидан миқдор ва сифат кўрсаткичларига эришилганда лойиҳа муваффақиятли деб топилади.

Муваффақиятли синовдан ўтган молиявий хизматлар бўйича Марказий банк қуйидагилардан бирини тайёрлайди:

  • ўзининг норматив-ҳуқуқий ҳужжати;
  • синовдан ўтказилган молиявий хизматнинг чекловларсиз амал қилишини жорий этиш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни;
  • молиявий хизматни жорий қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифларни.

Муваффақиятсиз ўтган синовларда зарар кўрган истеъмолчилар зарарини ким қоплаб беради?

“Марказий банк аризаларни қабул қилганда янги молиявий хизматнинг рискларини камайтиришга ҳаракат қилади ва синов давомида доимий равишда ташаббускордан ҳисоботларни сўрайди. Хизматнинг рисклари ошиб бораверса, Марказий банк қумдонни тўхтатади. Агар синовда иштирок этган истеъмолчиларга зарар етадиган бўлса, бу зарар ташаббускор томонидан қопланади”, –дейди Санжар Носиров.

Тартибга солиш қумдонлари рўйхати Марказий банк

веб-сайтида жойлаштирилади. Унда қуйидаги маълумотлар акс этади:

  • тартибга солиш қумдони иштирокчисининг номи;
  • тартибга солиш қумдони иштирокчисининг веб-сайти (мавжуд бўлганда);
  • вақтинчалик тартиб имзоланган сана;
  • синовдан ўтказиш бошланадиган ва тугатиладиган сана;
  • синовдан ўтказиладиган молиявий хизматнинг қисқача тавсифи;
  • синовдан ўтказиш натижалари (муваффақиятли, муваффақиятсиз).

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид