08:25 / 24.08.2022
32485

“Самолёт бошқариш Тошкентда машина бошқаришдан осон” — учувчи ҳикояси

Қудратилла Абдусатторов 10 йилдан бери UzAirways'да учувчи бўлиб ишлайди, “Boeing 787 Dreamliner” самолётини бошқаради. У Kun.uz билан суҳбатда учувчи бўлиш учун қандай йўлларни босиб ўтгани, касбининг қизиқ жиҳатлари ва эсда қоларли воқеалар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, учувчиларга ҳеч қаерда берилмаган саволларга жавоб берди.

Учувчилик ва “Dreamliner” орзуси ҳақида

— Учувчилар сулоласиданман. Учувчи бўлишимга шу касбда узоқ ишлаб пенсияга чиққан раҳматли бобом сабабчи бўлган. Дадам ҳам шу касбда ишлаб нафақага чиққан. Ёшлигимдан учувчи бўлишга қизиқиш бўлган ва ўқиб ҳаракат қилганман.

2016 йилдаги катта ўзгариш “Boeing 787 Dreamliner” самолёти келди. Бу биз учун катта ўзгариш бўлган, бунгача мен “Ил-14” самолётида учардим. “Дримлайнер”ни орзу қилганман, 114дан кейин “Boeing 757” ва “767” самолётларида учганман. Улардан кейин мана “Dream” самолётларида учиш орзумга етдим. Яна бир орзум – шунақа катта самолётларда кема сардори бўлиб учиш.

11 йил мактабни ўқигандан кейин тиббий кўрикдан ўтганмиз. Кейин психология текширувларидан ўтгач, 3та – математика, рус тили ва инглиз тили фанларидан имтиҳон топширганмиз. Имтиҳонларни муваффақиятли топширгач, 2007 йилда Санкт-Петербург миллий фуқаролик авиация университетига ўқишга кетганмиз. 5 йиллик ўқишни битириб, 2012 йилда Ўзбекистон авиакомпаниясига ишга жойлашганмиз.

Маошга келадиган бўлсак, компания ҳар бир учувчи билан шартнома тузади ва ўша шартномадаги келишувлар бўйича бизга маош ажратилади. Айнан суммасига келадиган бўлсак, буни айтолмайман.

Илк парвоз – ҳаяжон ва қўрқувни енгиш

— Биринчи парвозим курсант пайтимда Урганч аэропортида бўлган. Ҳаяжон ва қўрқув албатта бўлган, енгишга келадиган бўлсак, биринчи парвозда қўрққанмиз ҳам, ҳаяжон ҳам бўлган – булар секин-аста вақт мобайнида ўтиб кетган.

Учувчи учун энг қийин ва энг яхши дамлар

Ҳар битта рейсдан завқланаман. Самолётни юмшоқ қўндирганда йўловчилар миннатдорчилик билдирганидан катта мотивация оламан.

Ишимнинг энг қийин жиҳатлари – тизимда носозлик рўй бериб қолиши мумкин, бир жойга учиб кетаётган бўлсак, об-ҳаво яхши бўлмаслиги мумкин... Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, унақа носозликлар бўлмаган. Бундай вазиятларни бартараф этишни машғулотларда машқ қиламиз.

Саёҳатга вақт берилмайди

— Кўп давлатларни кўрамиз. Лекин саёҳат қилишга вақт бўлмайди. Эстафетада қоладиган рейслар камроқ. Борганингиздан кейин кечаси дам олиб, эрталаб қайтишингизга тўғри келади. Шунинг учун кўп вақтимизни дам олишга сарфлаймиз. Энг узоқ парвоз Америкага: 11 соат-у, 50 дақиқа давом этади.

Учувчи ҳаммасига тайёр бўлиши керак

— Фавқулодда ҳолат бўлиб қолса, шошмасдан кема сардори билан келишилган ҳолда нима техник муаммо эканига қараб, шу амалларни бажарамиз. Чунки учувчилар қанақа фавқулодда ҳолат бўлишидан қатъи назар, ҳар доим ҳаммасига тайёр бўлади.

Тирбанд Тошкент кўчаларида машина бошқаргандан кўра, самолёт бошқариш осон мен учун. Чунки тирбандлик бўлмайди.

Самолётнинг сигнали бўладими?

— Йўловчилар берган энг қизиқ савол – самолётда сигнал бор ёки йўқлигига оид бўлган. Бу саволни менга бир йўловчи берган эди. Унинг гапига тушунмасдан, қанақа сигнални сўраяпсиз деганимда, “машинада бўлади-ку, босганда пап этади” деб жавоб берган. Мен самолётда бунақа сигнал бўлмаслигини айтганман.

Энг қизиқ ва ғалати савол шу бўлган. Умуман, менга энг кўп “маошингиз қанча” деган саволни беришади.

Кема сардори бўлиш учун нима қилиш керак?

— Кема сардори бўлиш учун тажриба йиғиш керак. Бундан ташқари, биздан юқори турадиган хўжайинларимиз бор: билимимизни, учиш жараёнида малакамизни кузатиб боришади. Шундан сўнг, иккинчи учувчи кема сардори бўлишга тайёрлик ҳақида таклиф бергандан сўнг, топшириладиган имтиҳонлари бор. Шу имтиҳонлардан муваффақиятли ўтгач, кема сардори бўлиш мумкин.

Бизнинг соҳада тил билиш 100 фоиз муҳим, чет давлатларга борганда диспетчерлар билан тўлиқ инглиз тилида мулоқот қиламиз.

Нега рейслар кечикади?

— Рейсларимиз айрим сабабларга кўра кечикади. Серқатнов аэропортларда рейслар жуда кўп бўлади. Ҳамма самолётга чиқиб эшиклар ёпилгандан кейин айрим йўловчилар “нега учмаяпмиз, нимани кутяпмиз?” деб эътирозлар билдиришади. Учишга диспетчер ходимлари томонидан рухсат оламиз, серқатнов бўлгани учун биздан олдинда кутиб ўтирганлар ҳам бўлади.

Ҳар бир самолётга вақти келиши билан учишга рухсат берилади. Серқатнов давлатларда бошқа самолётлар учаётган ва қўнаётган бўлиши мумкин. Шу ҳолатларда кутишга тўғри келиши мумкин. Биз уни атайлаб қилмаймиз.

Баъзан айрим йўловчилар турли сабабларга кўра рейсдан ечилади. Тасаввур қилинг, самолётда 270 йўловчи бўлса, бир йўловчини рейсдан ечиш учун унинг багажини шунча юклар ичидан топишга ва йўловчи рейсдан ечилгани ҳақида акт тузишга тўғри келади. Бунга ҳам анча вақт кетади. Кейин биз учиш жараёнини давом эттирамиз.

Айрим йўловчилар бўлади, ўзидан-ўзи келиб “учгим келмаяпти, оёғим тортмаяпти” дейди – бундай ҳоллар тажрибамда кўп кузатилган. Айрим ҳолларда об-ҳаво туфайли ҳам рейс кечикади.

Учувчиликка қизиққан ёшларга: ўқинг, интилинг ва такрорланг

— Бу соҳага қизиққан ёшларга маслаҳатим: ҳаракат қилишсин, яхши ўқишсин.

Инсон ўз олдига қўйган мақсади сари интилса, Худойим беради. Авваламбор, ҳар битта одамнинг ўзига боғлиқ. Учувчи бўлишим осон бўлмаган, фақат орзу қилиб эришиб бўлмайди. Биз ҳам ҳаракат қилганмиз, ўқиганмиз; ҳозир ҳам тиббий кўриклардан ўтиб турамиз, соғликни асраш керак. Энг муҳими, битта жойда тўхтаб қолиш керак эмас, интилиб билмаганини билиш, билган нарсасини қайтариб туриш керак.

Касб осон эмас, елкамизнинг орқасида шунча йўловчиларимиз туради, ҳар бирининг ҳаётига жавобгармиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов

Top