Ўзбекистон | 16:39 / 08.09.2022
20835
4 дақиқада ўқилади

Навоийда эҳтиёжмандларга ажратилган ёрдам пуллари “туя” қилиняпти

Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, Навоий вилоятидаги 1650 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бир фарзандига мактаб формаси учун ажратилган 300 минг сўмдан пул рўйхатдаги ҳаммага ҳам етиб бормаган. Хатирчида эса пул эмас, нархи 300 минг сўмдан арзон мактаб формаси тарқатилган ва одамлардан гўёки улар нақд пул олгани ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйдириб олинган.

Фото: KUN.UZ

Шу йил 19 августда Навоий вилояти ҳокимлигида йиғилиш ўтказилган ва унда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш масаласи кўриб чиқилган.

Йиғилиш баёнига кўра, вилоятдаги 1650 та эҳтиёжманд оила фарзандларига мактаб формаси ва ўқув қуроллари харид қилиш учун 300 минг сўмдан жами 495 миллион сўм моддий ёрдам пули ажратилган.

Kun.uz'нинг аниқлашича, бу пуллар шакллантирилган рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларнинг ҳаммасига ҳам етиб бормаган.

Вилоятнинг айрим туманларида, хусусан Хатирчида пул ўрнига мажбурий равишда бозор нархи 300 минг сўмдан анча арзон бўлган форма тарқатилган ҳамда фуқароларга пул олгани ҳақидаги рўйхатга имзо қўйдириб олинган.

Аслида, халқ депутатлари Хатирчи тумани кенгашининг 2022 йил 31 августдаги қарорида, тумандаги 350 та эҳтиёжманд оилага 300 минг сўмдан пулни нақд бериш назарда тутилган.

Маҳаллий кенгаш қарорига 350 та оиланинг рўйхати ҳам илова қилинган. Kun.uz рўйхатдаги баъзи оилалар билан боғланиб кўрди.

Жумладан, туманнинг Боғчакалон маҳалласида яшовчи Лола Бобоёрова пул ўрнига мактаб формаси берилганини, Наврўз маҳалласидан Сурайё Бозорова ва Лола Султонова эса пул ҳам, форма ҳам берилмаганини маълум қилди.

Яна бир фуқаро эса мажбурий тарзда мактаб формаси берилгани ва 300 минг сўм пул олгани ҳақидаги рўйхатга имзо қўйидирилгани, берилган форма бу нархга арзимаслигини, бозордан 240 минг сўмга ундан сифатлироғини харид қилганини билдирди.

Kun.uz манбасига кўра, ўқувчиларга туманда фаолият юритувчи “Zamiraxon-2019” хусусий корхонаси томонидан тикилган мактаб формалари тарқатилган.

Аслида 2022 йилнинг 12 август куни ҳам айни шу масалада йиғилиш баённомаси ишлаб чиқилган. Бироқ вилоят раҳбари Нормат Турсунов уни тасдиқламаган. Бу баённомада эҳтиёжманд оилалар фарзандларини мактаб формаси билан бепул таъминлаш таклифини Навоий вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова билдиргани, формани харид қилиш тижорат таклифларини кўриб чиқиш асосида танлаб олинган тикувчилик корхонаси билан уч томонлама шартнома тузиш асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилганини ўқиш мумкин.

Гарчи бу йиғилиш баёни вилоят раҳбари томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, туманларда тикувчилик корхоналари билан шартномалар имзолашга киришиб кетилган.

Жумладан, Қизилтепа туманида «Yasmina Unique Development» МЧЖ билан туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ўртасида 680 млн сўмга 2100 та мактаб формаси етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Унга кўра, 1-6 синф болалари формаси 300 минг сўмдан, 7-11 синф болалари формаси эса 350 минг сўмдан ҳисобланган.

Қизиқ томони шундаки, очиқ манбалардаги маълумотларда Субҳиддин Нарзиев раҳбарлик қиладиган мазкур МЧЖнинг фаолият тури телеаппаратуралар улгуржи савдоси эканини кўриш мумкин.

Мавзу ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Навоий вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси расмий муносабат билдириб, формаларни харид қилишда тадбиркорлик субъектларини танлаш режалаштирилмагани, ажратилган моддий ёрдам пуллари оилаларнинг пластик картасига кўчириб берилишини маълум қилди. Аммо вилоятнинг айрим ҳудудларида бунинг акси қилиняпти.

Ҳолатни тегишли органлар ўрганиб кўриб, эҳтиёжмандларга ажратилган пулга кўз олайтирганларга таъсир чоралари қўлланилмас экан, бу каби ҳаракат давом этиши мумкин.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид